Шавкат Мирзиёев оммавий спортни янада кенгайтириш, Президент Олимпиадасини йилда икки марта ўтказиш ҳамда илмий ёндашувни кучайтириш бўйича қатор топшириқлар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев 20 январь куни спорт соҳасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар, йирик халқаро мусобақаларда эришилган натижалар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича, аҳолининг оммавий спорт билан қамрови 15 миллион нафарга етган, спорт билан мунтазам шуғулланувчилар сони эса сўнгги йилларда қарийб 1,5 баробарга ошган. Ўтган йили Ўзбекистон ёшлари қатор халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қайд этган, футбол бўйича миллий терма жамоа эса илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган.
Шу билан бирга, айрим спорт турларида мавжуд инфратузилма ва салоҳиятга мос натижаларга ҳали тўлиқ эришилмаётгани таъкидланди. Яқин истиқболда оммавий спорт билан шуғулланувчилар сонини 17 миллион нафарга етказиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Президент Олимпиадаси орқали очиқ ва шаффоф селекция тизимини ривожлантириш, мусобақаларни йилда икки марта ўтказиш ва спорт турлари сонини босқичма-босқич 20 тага етказиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, Олимпия шаҳарчаси ва Миллий футбол маркази негизида ягона спорт кластери шакллантириш, спорт фанини ривожлантириш, хусусий сектор ва инвесторларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари жорий йил Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган халқаро спорт тадбирларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда спортни оммалаштириш бўйича белгиланган вазифаларни тўлиқ бажариш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.






