Хабарингиз бор, жорий йилнинг 13-16-декабр кунлари “Ёшлар ҳафталиги” доирасида, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан “ PROlogue” – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли филмлар II Республика фестивали ташкил этилди. Фестивалда иштирок этиш мақсадида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи профессионал ва ҳаваскор ёш киноижодкорлар томонидан 100га яқин аризалар келиб тушди.
“PROlogue” фестивали доирасидаги намойишлар 13-15-декабр кунлари “Ёшлар ижод саройи”да ўтказилди. Филмлар намойишларига 2 минг нафардан ортиқ ёшлар ташриф буюришди. Фестивал дастуридаги қисқа метражли филмларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр Баҳодир Одилов, киношунослар Элмира Ҳасанова, Феруза Нодирова, “Эътироф-2015” совриндори, актриса Юлдуз Ражабова, оператор Дилмурод Турдибоев, актёр Алишер Узоқовдан иборат Ҳакамлар ҳайъати аъзолари кўриб чиқиб, баҳолаб бордилар.
Фестивалнинг асосий дастурида намойиш этилган 16та қисқа метражли филмлар Ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, қуйидагилар 4та асосий ва 3та қўшимча йўналиш бўйича тақдирланишди:
“Энг яхши қисқа метражли бадиий филм” учун бош соврин “Меҳмон” филмига берилди (сценарий муаллифи: Достон Раҳматуллаев, Ўктам Ғуломов; режиссёр: Абдуазим Илҳомжонов; оператор: Ҳусан Алиев, Шокир Набиев).
“Энг яхши сценарий” соврини “Менинг дунёим” филми сценарий муаллифи Саидпўлат Ҳакимовга топширилди.
“Энг яхши режиссёрлик иши” совринига “Чўлдаги кемалар” филми режиссёри Олга Хан лойиқ кўрилди.
“Энг яхши операторлик иши” соврини билан “Тинчлик соҳили” филми ижодкорлари Мухлиса Азизова, Жамшид Ғаниев тақдирланишди.
Ҳакамлар ҳайъатининг махсус соврини «Ҳуррият қурбонлари» (Санжар Султонов, Ҳасан Алиев) ва «Меҳр» (Ҳасан Алижонов) филмига топширилган бўлса, «Томошабин меҳрини қозонган филм» мукофоти билан «Бизни тушунишмайди» (Шокир Ҳолиқов) ҳамда «Адабий асарнинг энг яхши киноталқини» мукофоти билан «Адолат» (Азиз Арзикулов) филми ижодкорлари тақдирланишди.
Шу билан бирга, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбариятининг ташаббуси билан «Юрсак деймиз изингиздан, Устозлар» номли махсус номинатсия таъсис этилиб, ушбу мукофот Ўзбекистон санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти, “Эл-юрт ҳурмати ордени” соҳиби Шуҳрат Аббосовга топширилди.
Тадбир сўнгида киноактёрлар Муҳаммадисо Абдулҳаиров, Бобур Йўлдошев, Адиз Ражабов, Асал Шодиева, Зарина Низомиддинова ва Акбархўжа Расулов ижросида Муҳаммад Юсуф шеъри билан “Улуғимсан Ватаним” қўшиғи залга йиғилган томошабинлар билан бирга куйланди.
Фестивал доирасида Ўзбек киносанъати музейида очиқ эшиклар куни, Тошкент шаҳридаги бир қатор коллежларда “Ўзбек миллий кино кунлари” тадбирлари, шунингдек, “Қорақалпоқфилм” киностудияси томонидан, Абдувоҳид Ғаниев режиссёрлигида суратга олинган “Устюртга йўл” ҳамда “Ўзбекфилм” киностудиясида режиссёр Абдуҳалил Мигнаров суратга олган “Зурриёт” номли бадиий филмларнинг тақдимотлари ўтказилиб, фестивал иштирокчилари билан муҳокама қилинди, Киноактёр театр студияси томонидан саҳналаштирилган “Тўмарис” спектакли намойиш этилди, маҳорат сабоқлари ўтказилди.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, фестивалда иштирок этган филмлар жамланиб, махсус каталог ва DVD тўплам шаклида тайёрланади ҳамда Халқаро кинофестивалларга тавсия қилинади.
“PROlogue” кинофестивали доирасидаги тадбирларда жами 3 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этишди.