Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, совуқнинг қишлоқ хўжалиги экинларига салбий таъсирини камайтириш мақсадида вазирлик ҳамда тизимдаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан махсус тавсиялар ишлаб чиқилиб, деҳқон ва фермерларга етказилган.
Қайд этилишича, айрим сабзавот экинлари совуққа нисбатан чидамли ҳисобланади. Жумладан, пиёз, саримсоқ, шовул, ровач ва ерқалампир каби экинлар −10°C дан −15°C гача, қор қоплами остида эса −20°C дан −25°C гача бўлган совуққа бардош бера олади. Бироқ бошқа сабзавот экинлари учун қўшимча агротехник чоралар муҳим аҳамият касб этади.
Мутахассислар совуқдан кейин экинларни “стресс” ҳолатидан чиқариш учун бир қатор чораларни тавсия қилмоқда. Хусусан, микроэлемент ва аминокислоталарга бой препаратлар билан қўшимча озиқлантириш, тез таъсир қилувчи азотли ўғитлардан фойдаланиш, экинларни шаффоф плёнка билан ёпиб иссиқликни сақлаш ҳамда тупроқ намлигини мунтазам суғориш орқали сақлаб туриш тавсия этилган.
Вазирлик барча агротехник тадбирлар қисқа муддатда ва интенсив тарзда амалга оширилиши лозимлигини таъкидлаган. Бу нафақат экинларни совуқдан ҳимоя қилиш, балки ҳосилдорликни сақлаб қолишда ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Аввалроқ Ўзгидромет 9–12 март кунлари совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши ҳақида огоҳлантирганди. Прогнозларга кўра, республиканинг шимолий ҳудудларида кечалари ҳаво ҳарорати −7…−10 даражагача, кундузлари эса 0…−3 даражагача тушиши мумкин. Бошқа ҳудудларда эса 11–12 март кунлари кечалари 0…−3 даражагача совуқ, кундузлари эса 2–5 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.






