“Навоий–Зарафшон–Учқудуқ” автомобиль йўлида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 5 киши вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz маълум қилди.
Маълум қилинишича, фожиали ЙТҲ 7 март куни соат тахминан 16:30 ларда Конимех тумани ҳудудидан ўтувчи Навоий–Зарафшон–Учқудуқ автомобиль йўлида содир бўлган. Chery русумли автомобиль “Навоий–Зарафшон” йўналишида ҳаракатланиб кетаётганда қарама-қарши томондан келаётган Kia автомобили билан тўқнашган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўқнашув вақтида ҳар икки автомобиль ҳам белгиланган тезлик меъёридан юқори тезликда ҳаракатланган бўлиши мумкин.
ЙТҲ оқибатида Kia автомобилида бўлган бир оиланинг 3 аъзоси, шунингдек Chery автомобили ҳайдовчиси ва бир йўловчи — жами 5 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 3 нафари воқеа жойидаёқ вафот этган.
Марҳумлардан бири 41 ёшли Санжар Нурмаҳмедов бўлиб, у узоқ йиллар Навоий кон-металлургия комбинатида ишлагани айтилмоқда.
Шунингдек, ҳалок бўлганлар орасида Зарафшон шаҳридаги маҳаллий ахборот канали админи, 17 ёшли Умиджон Тўхтамуродов ҳам бўлган. У билан бирга онаси ва отаси ҳам вафот этган, икки укаси эса тирик қолган.
Маълумот учун, ушбу йўлда 22 февраль куни ҳам йирик ЙТҲ содир бўлиб, унда 4 киши ҳалок бўлган эди.






