АсосийShou-biznes

Даврон Кабулов Канизанинг оиласи бузилишига сабабчилиги ҳақидаги даъвога муносабат билдирди

“Миллион” қизиқчилар жамоаси раҳбари Даврон Кабулов хонанда Каниза (Шаҳризода Аҳмедова)нинг айбловлари ортидан баёнот билан чиқди. Бу ҳақда “Дарё” хабар бермоқда.

Даврон Кабулов, “Миллион” кулгу жамоаси раҳбари:

“Миллион” жамоасининг концерти диски чиққанидан сўнг, Канизанинг турмуши бузилиш хавфи остида қолгани, хонанда чуқур изтиробда экани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган гап-сўзлар юзасидан изоҳ.

Каниза (Шаҳризода), очиғи, сизнинг бу каби пиарчи эканлигингиз ҳақида олдин ҳам эшитгандим, аммо менга алоқаси йўқлиги учун аҳамият бермагандим. Сизга баъзи саволлар билан мурожаат қилмоқчиман.

1. Битта концертда ҳар қандай кутилмаган гап айтилиши мумкин, аммо «Миллион»нинг концерти 7 кун 9 сеанс (!) ўтказилди. Шулардан саккизтасида иштирок этдингиз. «Саҳнада нима бўлганидан хабарим йўқ», дебсиз. Саккизта сеанс-а!

Репетицияга ким келди, қуйиб қўйгандек сизга ўхшайдиган қиёфадошингизми? («Истиқлол» санъат саройи ходимлари, «Миллион» аъзолари гувоҳлик бера олади). Суҳбат давомида қайси расмлар муҳокама қилинишини ким билан гаплашгандим? Ўша расмларни ўзингиз Telegram орқали администраторимга ташлаб берганингиз ёдингиздан чиқдими?

Залда телефонга суратга олиш тақиқланган эди, фақат сизнинг ёрдамчингизга сиз иштирок этган саҳна кўринишини видеога олишга рухсат бердик (монтажда буни ҳам кўрсатишим мумкин). Эртасига таассуротларингизни кулиб айтиб бердингиз. Қайси виждон билан «Хабарим йўқ!», деяпсиз?

Шу вақтгача концертларимизда чиққан Райҳон, Улуғбек Раҳматуллаев, Манзура, Жаҳонгир Позилжонов, Жасур Умировдан истаган одам сўрасин — концертдан аввал ҳар доим қўшиқчилар билан репетиция қилиб олганмиз.

2. Концерт ўтганига уч ойдан (!) ошди. Шунча вақт давомида тўй-маросимларда сиз билан кўришдик. Нега диск чиққунига қадар ўзимга бир оғиз бу ҳақда гапирмадингиз?

3. «Жасур Умировга ўхшаб аразлаб юрмайман, юморни тушунаман», дейишга сизни ким мажбур қилди? Дарвоқе, сизга нотўғри маълумот етказишган экан — Умиров билан дўстона муносабатлар ҳеч қачон узилмаган.

4. Каниза эри билан ажрашиш арафасида?! Қайси эри билан? Турмуш ўртоғим 10 дақиқага дўконга чиқса ҳам мени хабардор қилади — поччамга саккиз кун давомида қаерга чиқиб кетаётганингизни айтмаганмидингиз? Нега эрингиз биз билан боғланмадилар? Бир-бирингизни оғир вазиятларда эшитишга хоҳиш бўлмаса, битта диск баҳона турмуш осон бузилса, оила асли бизгача ҳам мустаҳкам бўлмаган экан-да?

5. «Ўзбекнаво»дан тортиб, порталгача арз қилиб, ҳамма ахборотни чиқариб бўлиб, бугун менга қўнғироқ қиляпсиз: «Гаплашиб олайлик», деб. Унгача рақамим йўқмиди?

Ушбу саҳна кўриниши хазм қила олмаганларга «Миллион» шунчаки қизиқчиларнинг концерти эмас, шоу-дастур қилишга интилишини эслатиб ўтмоқчиман — кутилмаган диалоглар, қулоқ эшитиб ўрганмаган ҳазилларни тақдим этишга ҳаракат қиламиз. Ҳамма ўрганган ҳазиллар учун эса телевидениеда ҳажвий кўрсатувлар бор.

Канизага фақат қўшиқ айттириш керак эди, деган фикрда юрганлар учун — агар фақат ашула учун бўлса, Севара Назархон ё Жаҳонгир Отажоновни таклиф қилардик. Рэпер Шоҳрухга гап йўқ, «Қўшиқ айтишга тайёрман, лекин ҳазил менга ярашмайди», деб дарҳол очиғини айтди.

Бир пайтлар: «Каниза Шаҳзоданинг концертига кўчадан чипта сотиб олиб, расмга олиб, Instagram’га: ‘Таклиф учун раҳмат’, деб ёзиб қўйибди», дейишса ишонмагандим. «Шу қиз ўзининг администраторини қаматган», дейишганида ҳам парво қилмагандим.

Лекин, ишончингиз комил бўлсин, бу сафаргиси ўхшамайди — бошқа адресга тушиб қолдингиз. Сизга омад, муваффақиятлар! Чин дилдан. Арзон пиарларга хушим йўқ. Ўша гап: «Миллион»га келганингиз учун ташаккур, бу ҳол бошқа такрорланмайди, деган умиддамиз.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар