Элдор Адилов соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланиши ортидан вазирлик раҳбарияти тўлиқ янгиланди. Президент бу бўйича тегишли қарорни имзолади.
Қарорга мувофиқ, Отабек Суннатович Имамов соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Жалолиддин Шарафутдинович Асамутдинов эса вазирнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Шунингдек, Адҳам Юсупович Худайкулов, Шерзод Дилмуратович Мухамедов ҳамда Илҳомжон Ўринбой ўғли Умрзақов соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари лавозимига тайинланди. Қайд этилишича, Илҳомжон Умрзақов ушбу тайинлов муносабати билан иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари — Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш департаменти директори лавозимидан озод этилди.
Бундан ташқари, Алишер Шукруллаевич Бобоев соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан, Элмира Иркиновна Баситханова ва Фарҳоджон Мухаммаджонович Тошпулатов эса вазир ўринбосари лавозимларидан бошқа ишга ўтиши муносабати билан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, президент фармонига кўра, Асилбек Худаяров 5 май куни бошқа ишга ўтиши муносабати билан соғлиқни сақлаш вазири лавозимидан озод этилган эди.






