Ўзбекистонда чақалоқлар ўлимининг 47 фоизи туғилгандан кейинги илк 30 кун ичида содир бўлмоқда. Шу боис 2030 йилгача болалар ўлими кўрсаткичини кескин камайтириш мақсадида педиатрия тизимини такомиллаштириш ва эрта ташхис дастурларини кенгайтириш режалаштирилган. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Абдуманноп Абдуқаюмов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакатда болалар ўлими ҳар минг нафар болага 14,3 ҳолатни ташкил этмоқда. 2025–2030 йилларга мўлжалланган стратегияга мувофиқ, мазкур кўрсаткични ҳар минг нафар болага 8 ҳолатгача тушириш мақсад қилинган.
Мутахассиснинг таъкидлашича, чақалоқлар ўлимининг қарийб ярми неонатал давр, яъни ҳаётнинг дастлабки 30 кунида содир бўлмоқда. Шунинг учун туғруқхоналарда ва туғруқдан кейинги дастлабки ҳафталарда тиббий кузатувни кучайтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатда чақалоқлар ўлими қарийб 7,5 минг ҳолатни ташкил этган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 8,3 минг нафар бўлган.
Қайд этилишича, хавф гуруҳига асосан муддатидан олдин туғилган чақалоқлар, туғма ривожланиш нуқсонлари ҳамда ирсий касалликларга чалинган болалар киради. Ҳар йили Ўзбекистонда 48 мингдан ортиқ бола турли туғма ва генетик патологиялар билан дунёга келади.
Стратегия доирасида мамлакатда педиатрия хизматининг тўрт босқичли тизимини жорий этиш, болаларнинг саломатлигини DMed ягона рақамли тиббий платформаси орқали кузатиш, кам учрайдиган касалликларга чалинган беморлар миллий реестрини шакллантириш ҳамда Германия кўмагида замонавий генетик лабораторияни ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, DMed тизимига сунъий интеллект технологияларини интеграция қилиш орқали ташхис қўйиш муддатини 3–5 кунгача қисқартириш, профилактик тиббий кўриклар билан болаларнинг камида 95 фоизини қамраб олиш ва юқори технологияли тиббий ёрдам улушини 75 фоизгача етказиш кўзда тутилган.






