Ўзбекистоннинг Жазоирдаги биринчи элчиси (қароргоҳи Қоҳирада) Мансурбек Қиличев Жазоир ташқи ишлар, хориждаги ватандошлар ва Африка ишлари вазири Аҳмад Аттафга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, у ушбу лавозимни эгаллаш билан бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси вазифасини ҳам бажариб келмоқда. Яқинда у Жазоир ташқи ишлар, хориждаги ватандошлар ва Африка ишлари вазири Аҳмад Аттафга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
Учрашув давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар савдо-иқтисодий алоқалар ҳажми ҳозирча мавжуд салоҳиятдан паст эканини қайд этди.
Жазоир томони тоғ-кон саноати, геология, фармацевтика ва тўқимачилик каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Жазоирда ишлаб чиқариш ва Африка бозорларига экспорт қилиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, савдо уйлари, омборхоналар ва шоу-румлар ташкил этиш, ишбилармонлар кенгашини йўлга қўйиш ҳамда ҳукуматлараро комиссия фаолиятини фаоллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди.






