АсосийСИËСАТ

Маданият вазирлигида катта кадрлар алмашинуви: тўрт ўринбосар ишдан олинди, янгилари тайинланди

Ўзбекистон Президентининг тегишли қарорлари билан Маданият вазирлиги раҳбариятида кенг кўламли кадрлар алмашинуви амалга оширилди.

'Маданият вазирлигида катта кадрлар алмашинуви: тўрт ўринбосар ишдан олинди, янгилари тайинланди'ning rasmi

Тўрт нафар вазир ўринбосари лавозимидан озод этилди ва уларнинг ўрнига янги раҳбарлар тайинланди.

Қарорга мувофиқ, Баҳодир Аҳмедов, Авазхон Тожихонов, Муроджон Мажидов ҳамда Юсуфжон Усмонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан маданият вазири ўринбосари лавозимидан озод этилди. Баҳодир Аҳмедов ва Авазхон Тожихонов маданият вазирининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Уларнинг ўрнига Нодирбек Сайфуллаев маданият вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У шу вақтга қадар Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори лавозимида ишлаб келган. Нодирбек Сайфуллаев собиқ маданият вазири, марҳум Бахтиёр Сайфуллаевнинг ўғли ҳисобланади. У аввалроқ Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори ҳамда Президент Администрациясининг маданият ва санъатни ривожлантириш шуъбаси мудири лавозимларида ҳам фаолият юритган.

Шунингдек, таниқли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов маданият вазирининг биринчи ўринбосари – вазирлик ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Шуҳрат Ризаевнинг ўрнини эгаллади. Тайинловга қадар Жаҳонгир Аҳмедов Болалар контентини ривожлантириш марказига раҳбарлик қилиб келган.

"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров ҳам маданият вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. У аввал ҳам "Ўзбекконцерт"га раҳбарлик қилган, шунингдек, Халқаро фестиваллар дирекциясида фаолият юритган.

Яна бир тайинловга кўра, Санжар Бобожонов маданият вазирининг ўринбосари бўлди. У бунга қадар Президент Администрациясида маданият ва санъат соҳасига масъул лавозимларда ишлаб келган.

Шу тариқа Маданият вазирлиги раҳбарияти таркиби тўлиқ янгиланиб, вазирликдаги тўртта раҳбарлик лавозимига янги кадрлар тайинланди.

    Бошқа янгиликлар

    Маданият вазирлигида катта кадрлар алмашинуви: тўрт ўринбосар ишдан олинди, янгилари тайинланди - Darakchi.uz