“Ўзбекфильм”нинг кредит қарзлари 22,9 млн еврога етди
“Ўзбекфильм” киностудиясининг молиявий аҳволи оғирлашган. Бу ҳақда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов маълум қилди.
Унинг айтишича, айни пайтда киностудиянинг кредит мажбуриятлари 22,9 млн евродан ошган. Кредитлар бўйича гаровга “Ўзбекфильм”га тегишли мол-мулк, жумладан, ер участкалари ҳам қўйилган.
Бундан ташқари, киностудиянинг қарийб 1 млрд сўм солиқ қарзи ва иш ҳақи бўйича катта миқдордаги қарздорлиги мавжуд.
Солиқ қарздорлиги сабабли “Ўзбекфильм” балансидаги 12 та автомобиль яқин 12 кун ичида аукционга чиқарилиши мумкин.
Жаҳонгир Аҳмедовнинг баҳолашича, “Ўзбекфильм” ўз фаолиятини барқарор таъминлаши учун ҳар йили камида 60 млрд сўмлик буюртмаларга эга бўлиши керак. Ҳозирда киностудия амалда давлат буюртмасига қарам бўлиб қолган ва тўлақонли бозор бизнес-моделига эга эмас.
Кинематография агентлигида “Ўзбекфильм”ни тубдан ислоҳ қилиш зарур, деб ҳисобланмоқда.
Қайд этилишича, мақсад — хусусий инвестицияларни жалб қила оладиган, халқаро ҳамкорликни ривожлантирадиган ва бозорда мустақил фаолият юрита оладиган молиявий барқарор миллий кино компаниясини ташкил этиш.






