Янги тадқиқотга кўра, бактериялар ва археялар ҳаётга бир-биридан мустақил равишда ўтган бўлиши мумкин. Агар бу тасдиқланса, ҳаётнинг келиб чиқиши ҳақидаги тасаввурлар тубдан ўзгариши мумкин.
Генрих Ҳайне номидаги Дюссельдорф университети биологлари бошчилигидаги халқаро олимлар гуруҳи Ер юзида ҳаёт бир эмас, балки икки марта мустақил равишда пайдо бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги янги илмий назарияни илгари сурди. Тадқиқот натижалари Science Advances илмий журналида эълон қилинди.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, бактериялар ва археялар жонсиз материядан тирик организмга айланиш босқичини бир-биридан мустақил равишда босиб ўтган бўлиши мумкин.
Биолог Уильям Мартиннинг сўзларига кўра, бу хулоса метаболик реакцияларни таъминловчи ферментлар эволюцияси таҳлили асосида қилинган.
«Янги маълумотлар битта хулосага олиб келади: бактериялар ва археялар эркин яшовчи организмларга бир-биридан мустақил равишда айланган. Демак, биз генетик коднинг ягона келиб чиқишини, аммо ҳаётнинг икки хил келиб чиқишини кузатмоқдамиз», дейди у.
Олимлар бактериялар ва археялар геномидаги асосий метаболик ферментларнинг оқсил тузилишини таҳлил қилган. Натижада, барча тирик ҳужайраларнинг шартли умумий аждоди ҳисобланган LUCA барча метаболик жараёнларни мустақил амалга ошира олмагани маълум бўлган. Тадқиқотчилар фикрича, дастлабки босқичларда айрим кимёвий реакциялар гидротермал манбалардаги металлар ёрдамида кечган.
Тадқиқотда ҳаёт шаклланишининг тўрт босқичли модели ҳам таклиф қилинган. Унга кўра, дастлаб ташқи муҳитдаги металлар асосий катализатор вазифасини бажарган, кейин эса протоҳужайралар аста-секин ўз ферментларини ишлаб чиқиб, ташқи омилларга боғлиқликдан халос бўлган.
Тадқиқот муаллифларидан бири Наталья Мрняивач бактериялар ва археялар бир хил вазифани бажарадиган, аммо тузилиши мутлақо фарқ қилувчи ферментларни мустақил равишда ривожлантирганини таъкидлади.
Шунингдек, олимлар ҳаёт пайдо бўлишининг илк босқичларида ҳозирги тирик организмлар энергия манбаи сифатида фойдаланадиган АТФ молекуласи ўрнини босиши мумкин бўлган кимёвий механизмни ҳам таклиф қилди.
Уларнинг фикрича, гидротермал манбаларда табиий учрайдиган фосфит ва палладий иштирокида фосфорланиш реакциялари сув муҳитида қисқа вақт ичида кечиши мумкин. Бу эса Ерда ҳаёт қандай бошланганини тушунишга оид илмий қарашларни янада ойдинлаштириши мумкин.






