АсосийЖАМИЯТ

Наманганнинг собиқ ҳокими 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Суд Анваржон Отахўжаевни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва бошқа қатор жиноятларда айбдор деб топди.

'Наманганнинг собиқ ҳокими 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди'ning rasmi

Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анваржон Отахўжаевга нисбатан суд ҳукми ўқилди. У 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти судлари матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг бугун, 7 август куни чиқарган ҳукмига кўра, 1972 йилда туғилган Анваржон Отахўжаев Жиноят кодексининг талон-торож, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини ошириш, мансабга совуққонлик билан қараш, мансаб сохтакорлиги ҳамда пора олишга оид қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Суд ҳукмига мувофиқ, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисми асосида 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, мазкур жиноят иши доирасида судланган яна уч нафар шахсга 7 йилдан 10 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Икки нафар судланувчига 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари, яна бир нафар шахсга эса 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган.

Суд биринчи инстанция ҳукми устидан қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда Фарғона вилояти судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ҳамда протест келтириш мумкинлигини маълум қилди.

    Бошқа янгиликлар

    Наманганнинг собиқ ҳокими 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди - Darakchi.uz