АсосийСИËСАТ

Мирзиёев Трампни Ўзбекистонга таклиф қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 август куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди.

'Мирзиёев Трампни Ўзбекистонга таклиф қилди'ning rasmi

Суҳбат аввалида Мирзиёев Трампни АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан яна бир бор табриклади. Трамп эса кейинги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражага чиққанини, икки давлат раҳбарлари ўртасида ишончли мулоқот шаклланганини таъкидлади.

Томонлар олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши, шунингдек, стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Қайд этилишича, уч йиллик иқтисодий ҳамкорлик дастури босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Шунингдек, Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилган, Ўзбекистон ҳудудлари билан АҚШ штатлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда. АҚШ фуқаролари учун жорий этилган визасиз тартиб эса ўзаро ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Мулоқот чоғида фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, инфратузилма, энергетика, металлургия, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар каби соҳаларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек, раҳбарлар глобал хавфсизликни таъминлаш, халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан ҳам фикр алмашди. Суҳбат давомида бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида Президент Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев Трампни Ўзбекистонга таклиф қилди - Darakchi.uz