АсосийDunyo

Вьетнамлик врачлар беморнинг қорнидан 18 йил аввал унутиб қолдирилган қайчини олишди

Вьетнамлик врачлар бемор эркакнинг қорнидан бундан 18 йил муқаддам ҳамкасблари томонидан унутилган қайчини олишди, деб хабар берди “Тjournal.ru” нашри. 

Вьетнамлик 54 ёшли бемор, Ма Ван Нят (Ma Văn Nhật) маҳаллий телеканалга интервью берди. Унинг айтишича, автоҳалокатга учрагандан кейин касалхонага тушган, рентген натижасида врачлар унинг қорин соҳасида, ичакларнинг ёнида металл жисм борлигини аниқлашган.

Ма Ван Нятнинг сўзларига қараганда, 15-сантиметрли қайчини 1998 йилда бошқа касалхонада ётганда, операция вақтида врачлар унутиб қолдирган. Бемор 18 йил мобайнида қорин қисмида ҳеч қандай ноқулайликни ҳис қилмаган. Аммо сўнгги пайтларда қорни санчиб қўйган, оғриқсизлантирувчи дорилар ичиб юрган.

Операция уч соат давом этди. 18 йилдан бери қоринда турган қайчи занглаб, ички аъзоларга ёпишиб қолган. Вьетнам соғликни сақлаш вазирлиги 1998 йилда Ма Ван Нятни операция қилган клиникадан мазкур факт бўйича ҳисобот беришни талаб қилди. Клиника директори барча имкониятларни ишга солиб, воқеага ойдинлик киритишга ваъда берди. Аммо шу билан бирга барча тиббий маълумотлар 15 йил сақланишини, беморнинг қорнида қайчини айнан ким қолдирганини аниқлаш мушкуллигини ҳам маълум қилди.

Бошқа янгиликлар