Нобель жамғармаси 2026 йилда ҳар бир йўналиш бўйича бериладиган мукофот миқдорини 1 миллион швед кронасига оширди. Шу тариқа, мукофотнинг тўлиқ миқдори 12 миллион кронага (тахминан 1,2 миллион доллар) етди. Бу ҳақда жамғарма хабар берди.
Қайд этилишича, қарор Нобель мукофотининг 125 йиллиги муносабати билан қабул қилинган. Мукофотлар илк бор 1901 йилда топширилган.
Жамғарма 2012 йилда молиявий барқарорликни таъминлаш дастури доирасида мукофот пул миқдорини камайтирган эди. Кейинги йилларда эса унинг миқдори бир неча бор оширилди.
"Мукофот миқдорини ошириш орқали Нобель мукофотининг узоқ муддатли аҳамиятини қўллаб-қувватлаймиз ва унинг молиявий қисмининг вақт ўтиши билан ўз қийматини сақлаб қолишини таъминлаймиз", — деди жамғарма ижрочи директори Ҳанна Стёрне.
Нобель мукофоти швед ихтирочиси ва тадбиркори Альфред Нобель васиятига кўра таъсис этилган. У физика, кимё, физиология ёки тиббиёт, адабиёт ҳамда тинчликни мустаҳкамлаш йўналишларида берилади. Бундан ташқари, иқтисодиёт соҳасида Нобель хотирасига бағишланган алоҳида мукофот ҳам мавжуд. У Швеция банки томонидан 1968 йилда таъсис этилган ва илк бор 1969 йилда топширилган.
2025 йилда Нобель мукофотининг тўлиқ миқдори 11 миллион швед кронасини (тахминан 1,17 миллион доллар) ташкил этган.
2026 йилги мукофотлар учун жами 287 нафар номзод кўрсатилган. Уларнинг 208 нафари шахслар, 79 нафари эса ташкилотлардир. Бу йилги совриндорлар 5–12 октябрь кунлари эълон қилинади.






