АсосийБУ ҚИЗИҚ

Денгиз сатҳи ярим метр кўтарилса, 300 миллионгача одам кўчиши мумкин

БМТ маълумотига кўра, денгиз сатҳининг кўтарилиши сув тошқинлари, тупроқ ва сувнинг шўрланиши, ҳосилдорликнинг пасайиши каби омиллар билан бирга аҳолининг кўчишига туртки бўлиши мумкин.

'Денгиз сатҳи ярим метр кўтарилса, 300 миллионгача одам кўчиши мумкин'ning rasmi

Аср охирига бориб дунё океани сатҳи ярим метрга кўтарилса, 150 миллиондан 300 миллионгача одам уй-жойини тарк этишга мажбур бўлиши мумкин. Яна қарийб 500 миллион киши чучук сув ва қишлоқ хўжалиги ерларидан маҳрум бўлиш хавфига дуч келади. Бу ҳақда БМТ маълум қилди.

БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармасининг иқлим ўзгариши масалалари бўйича махсус маслаҳатчиси Эндрю Харпернинг таъкидлашича, денгиз сатҳининг кўтарилиши энди узоқ келажакдаги таҳдид эмас, балки ҳозирнинг ўзида кузатилаётган жараёндир.

Унинг сўзларига кўра, айрим Тинч океани давлатларида денгиз сатҳи глобал ўртача кўрсаткичдан икки баравар тезроқ кўтарилмоқда. Бундай давлатларнинг глобал иссиқхона газлари чиқиндиларига қўшган ҳиссаси эса жуда кам.

Масалан, Бангладешда денгиз сувининг қуруқликка кириб бориши тупроқ ва чучук сув манбаларининг шўрланишига сабаб бўлмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Эксперт энг заиф ҳудудларни ҳимоя қилиш учун мангр ўрмонларини кўпайтириш, қирғоқларни мустаҳкамлаш, дренаж тизимларини яхшилаш, эрта огоҳлантириш тизимларини жорий этиш ва табиий офатларга тайёргарликни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, сув босиши хавфи юқори бўлган ҳудудларда янги аҳоли пунктлари барпо этиш ва ҳудудларни ўзлаштиришга йўл қўймасликка чақирилган.

БМТ маълумотига кўра, денгиз сатҳининг кўтарилиши сув тошқинлари, тупроқ ва сувнинг шўрланиши, ҳосилдорликнинг пасайиши каби омиллар билан бирга аҳолининг кўчишига туртки бўлиши мумкин. Бироқ айнан қайси омил қанча одамнинг кўчиб кетишига сабаб бўлишини аниқ ҳисоблаш мураккаб.

Харпернинг айтишича, яшаш учун шароит қолмаган тақдирда ҳам кўпчилик ўз мамлакати ҳудудини тарк этмаслиги мумкин. Улар, асосан, қирғоқбўйи ва қишлоқ ҳудудларидан шаҳарларга кўчиб, уй-жой, иш ва зарур хизматларга яқинлашишга ҳаракат қилади. Бу эса шаҳарлар инфратузилмаси ва ресурсларига қўшимча босим юзага келтиради.

Айни пайтда халқаро ҳуқуқда “иқлим қочқини” деган алоҳида мақом мавжуд эмас. Қурғоқчилик, сув тошқини ёки денгиз сатҳининг кўтарилиши туфайли кўчишнинг ўзи қочқин мақомини олиш учун етарли асос ҳисобланмайди.

Шу билан бирга, денгиз сатҳи кўтарилиши хавфи остида қолган давлатларнинг ҳуқуқий мақомини сақлаб қолиш масаласида халқаро ҳуқуқда янги ёндашувлар шаклланмоқда. Уларга кўра, ҳудуди яшаш учун яроқсиз бўлиб қолган тақдирда ҳам давлатлар ўз суверенитети, халқаро-ҳуқуқий мақоми ва денгиз ҳудудларига бўлган ҳуқуқларини сақлаб қолиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар

    Денгиз сатҳи ярим метр кўтарилса, 300 миллионгача одам кўчиши мумкин - Darakchi.uz