АсосийСИËСАТ

Хўжаободда сув сарфини онлайн назорат қилувчи “ақлли” ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилмоқда

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида сув сарфи ва сифатини онлайн кузатиш имконини берувчи “ақлли” ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

'Хўжаободда сув сарфини онлайн назорат қилувчи “ақлли” ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилмоқда'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни тумандаги “Андижон технопарки”га ташриф буюриб, “ақлли” сув ҳисоблагичлари ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.

300 миллион доллар хорижий инвестиция ҳисобига ташкил этилган технопарк адирликларни ўзлаштириш эвазига ажратилган 100 гектар майдонда барпо этилмоқда. Бу ерда 51 та саноат корхонасини жойлаштириш режалаштирилган.

Саноат зонаси тўлиқ қувватда ишга тушгач, 3 мингта янги иш ўрни яратилади. Йилига 50 дан ортиқ турдаги 200 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, бюджетга 160 миллиард сўм тушум таъминланиши ва вилоятнинг экспорт салоҳияти 50 миллион долларга ошиши кутилмоқда.

Технопарк ҳудудида Хитойнинг “Sanchuan” компанияси томонидан “ақлли” сув ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилган. Қиймати 25 миллион доллар бўлган лойиҳа тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнларининг 80 фоизи роботлаштирилган.

“Huawei” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган 5G технологияси асосидаги ҳисоблагичлар сув сарфи ва сифатини, қурилманинг техник ҳолатини ҳамда балансни онлайн кузатиш имконини беради.

Корхона йилига 15 турдаги 1 миллион дона “ақлли” сув ҳисоблагич ишлаб чиқариш қувватига эга. Қурилмалар сув тўпланишининг олдини олувчи махсус конструкция ва совуққа чидамли корпус билан жиҳозланади.

Шунингдек, корхонада дуал таълим дастури жорий этилган.

Технопаркда маҳаллийлаштириш даражасини 2030 йилга қадар 70 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун саноат зонасида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни жойлаштириш кўзда тутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Хўжаободда сув сарфини онлайн назорат қилувчи “ақлли” ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилмоқда - Darakchi.uz