АсосийЖАМИЯТ

Тимсоҳ ҳайвонот боғи ходимига ҳужум қилиб, уни ўлдирди

Ҳодиса вақтида ҳайвонот боғига ташриф буюрганлар ходимга ёрдам беришга уринган.

'Тимсоҳ ҳайвонот боғи ходимига ҳужум қилиб, уни ўлдирди'ning rasmi

Папуа — Янги Гвинея пойтахти Порт-Морсби шаҳридаги “Adventure Park” ҳайвонот боғида тимсоҳ ходимга ҳужум қилиб, унинг ўлимига сабаб бўлди. Ҳодиса 5 сентябрь куни содир бўлган. 

Маълум қилинишича, ходим тимсоҳни боқиш учун унинг олдига товуқ олиб кирган. Шу вақтда ҳайвон товуқ билан бирга ходимнинг оёғидан ҳам тишлаб, уни сувга торта бошлаган. Тимсоҳ бир соатдан ортиқ вақт давомида ходимни қўйиб юбормай, оёқларини жағлари орасида ушлаб турган.

Ҳодиса вақтида ҳайвонот боғига ташриф буюрганлар ходимга ёрдам беришга уринган. Улардан бири панжара орасидан таёқ узатган. Бироқ тимсоҳни ходимдан ажратишнинг иложи бўлмаган.

Воқеа жойига полиция ва “St John Ambulance” тез тиббий ёрдам хизмати чақирилган. Қутқарув ишлари давомида полиция ходимни тимсоҳдан озод қилиш учун ҳайвонни отиб ўлдирган. Шундан сўнг жабрланган ходим шифохонага олиб кетилган. 

Бироқ шифокорлар саъй-ҳаракатларига қарамай, ҳайвонот боғи ходими 6 сентябрь куни эрталаб олган жароҳатлари оқибатида вафот этган. У “Adventure Park”да қарийб икки йил ишлагани айтилмоқда. 

Ҳодисадан сўнг “Adventure Park” маъмурияти боғ вақтинча ёпилганини маълум қилди. Шунингдек, воқеа сабабларини ўрганиш ва тимсоҳлар билан ишлаш, уларни боқиш ҳамда хавфсизлик тартибларини қайта кўриб чиқиш бўйича ички текширув бошланган. 

Айни вақтда ижтимоий тармоқларда ҳайвонот боғи ходимларининг тимсоҳларга жуда яқинлашгани акс этган аввалги видеолар ҳам тарқалмоқда. Улардан бирида ходим тимсоҳнинг юзига жуда яқин туриб, унга сув сачратаётгани, кейин эса ҳайвоннинг устига ўтириб, бўйнидан ушлагани кўринади.

Яна бир видеода ходим катта тимсоҳнинг орқасига оёғини қўйиб тургани ва уни боқиш жараёнини томошабинларга намойиш қилгани акс этган. Бироқ ушбу видеолардаги ходимнинг мазкур ҳужумда ҳалок бўлган шахс экани тасдиқланмаган. 

    Бошқа янгиликлар

    Тимсоҳ ҳайвонот боғи ходимига ҳужум қилиб, уни ўлдирди - Darakchi.uz