Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи доирасида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва қурилишини бошлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Маросимда умумий қиймати 9 миллиард 400 миллион доллар бўлган 206 та лойиҳа намойиш этилди. Уларнинг 98 таси, яъни 2 миллиард 50 миллион долларлик лойиҳалар ишга туширилди. Қолган 108 та, қиймати 7 миллиард 350 миллион долларлик лойиҳаларнинг қурилиши бошланди.
Лойиҳалар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик, таълим, туризм, логистика, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларни қамраб олган. Улар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилади.
Жумладан, пахта-тўқимачилик кластери, электр энергиясини сақлаш ва тақсимлаш тизими, мебелсозлик ҳамда чарм-пойабзал саноат зоналари ташкил этилади. Шунингдек, электр автобуслари, қуёш панеллари ва микрогидроэнергетика ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, замонавий таълим ва тиббиёт марказлари, турар жой мажмуалари, халқаро логистика ва туризм марказлари, гидроэлектр станцияси ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқарадиган корхона барпо этилади. Транспорт воситалари ва юк вагонлари ишлаб чиқариш қувватлари ҳам ташкил этилади.
Мазкур лойиҳалар Хитой, Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Беларусь, Германия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Тожикистон компаниялари, шунингдек, маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳалар натижасида 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 533 миллион долларлик экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Маросимда Андижон вилоятининг шаҳар ва туманларидан масъуллар, хорижлик ҳамкорлар ҳамда лойиҳа ташаббускорлари видеоалоқа орқали иштирок этиб, лойиҳаларнинг аҳамияти, амалга ошириш жараёни ва ишга тушириш муддатлари ҳақида ахборот берди.
Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган хорижлик ҳамкорлар ва маҳаллий тадбиркорларга миннатдорлик билдирди.
Шундан сўнг Президент рамзий тугмани босиб, 98 та янги лойиҳани ишга туширди ва 108 та объект қурилишига старт берди.
Тадбир якунида инвесторлар ва ҳудуд фаоллари билан мулоқот ўтказилди.






