АсосийСИËСАТ

Андижонда кичик ГЭСлар учун замонавий ускуналар ишлаб чиқарилади

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон туманида кичик гидроэлектр станциялари учун ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа билан танишди.

'Андижонда кичик ГЭСлар учун замонавий ускуналар ишлаб чиқарилади'ning rasmi

Мазкур лойиҳа 2025 йил 28 мартда қабул қилинган ҳудудларда микрогидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантиришга қаратилган қарор ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Шу мақсадда “Andijon Jinlun yangi energiya” корхонаси ташкил этилмоқда. Корхонага тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб этилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион долларни ташкил этади. Корхонада кичик ва микро ГЭСлар учун гидротурбиналар, электр жиҳозлари, автоматика воситалари ҳамда бошқа ускуналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Корхонани 2027 йилда тўлиқ қувват билан ишга тушириш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 200 та янги иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилиш ҳам кўзда тутилган. Йиллик экспорт ҳажми 3 миллион долларга етказилиши режалаштирилган.

Андижон вилоятида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали кичик ва микро ГЭСларни кўпайтириш учун имкониятлар мавжуд. Аввалроқ вилоятдаги сув оқими юқори ариқ ва каналларда 75 мегаватт қувватга эга кичик ва микро ГЭСлар қуриш имконияти борлиги қайд этилган.

Янги корхонада маҳаллийлаштирилган ускуналар ишлаб чиқарилиши кичик ва микро ГЭС лойиҳаларини амалга оширишда импортга бўлган эҳтиёжни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Андижонда кичик ГЭСлар учун замонавий ускуналар ишлаб чиқарилади - Darakchi.uz