АсосийСИËСАТ

Олтинкўлда чарм-пойабзал саноатига ихтисослашган мажмуада 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Олтинкўл туманидаги чарм-пойабзал кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

'Олтинкўлда чарм-пойабзал саноатига ихтисослашган мажмуада 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда'ning rasmi

Мазкур мажмуа водийда чарм маҳсулотлари ва тайёр пойабзал ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар, косиблар ҳамда кластерларни бирлаштирган ягона саноат ҳудуди ҳисобланади. Бу ерда хомашёни қайта ишлашдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни сотишгача бўлган тўлиқ занжир шакллантирилмоқда.

Умумий майдони 10,1 гектар бўлган мажмуадаги лойиҳалар қиймати 28 миллион долларни ташкил этади. Ҳудуднинг 5,5 гектарида замонавий ишлаб чиқариш бинолари, дуал таълим маркази ва савдо шохобчалари барпо этилган.

Айни пайтда саноат зонасида умумий ишлаб чиқариш қуввати 150 миллиард сўм бўлган 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларнинг 10 таси пойабзал ва тагчарм, 2 таси сунъий чарм, яна 2 таси пойабзал елими ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Қолган лойиҳалар доирасида резина пойабзал, махсус пойабзаллар учун устки қисмлар ишлаб чиқариш ҳамда тери тайёрлаш йўлга қўйилади.

Мажмуада ҳозирга қадар 2 минг 500 та янги иш ўрни яратилган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда.

Корхоналарга Туркия, Хитой ва Италияда малака оширган мутахассислар жалб этилган. Уларнинг тажрибаси маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор имтиёзлар ҳам яратилган. Хусусан, ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари қийматини етти йилгача бўлиб тўлаш шарти билан сотиш имконияти берилган.

Давлат раҳбари мажмуада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечириб, лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига эътибор қаратди.

Тадбиркорлар билан мулоқотда маҳсулот сифатини яхшилаш, замонавий моделларни ўзлаштириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, маҳаллий косибчилик анъаналарини замонавий саноат усуллари билан уйғунлаштириш ҳамда соҳа вакиллари учун яратилган шароитларни янада яхшилаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

    Бошқа янгиликлар