Қозоғистон мудофаа вазири Даурен Косанов Каспий денгизида ҳарбий машғулотлар вақтида 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган фожиадан сўнг лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Администрациясининг Telegram-канали хабар берди.
27 сентябрь куни Президент Қосим-Жомарт Тоқаев фармони билан Даурен Жуматаевич Косанов Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимидан озод қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида ҳарбий-денгиз кучларининг ўқув-жанговар машғулотлари вақтида об-ҳаво кескин ёмонлашиб, кучли шамол эсиши оқибатида ҳарбий хизматчилар Каспий денгизига оқиб кетган.
Ҳодиса оқибатида 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Фожиа юзасидан ҳукумат комиссияси тузилиб, тергов ҳаракатлари бошланган. Ҳодиса ортидан Мудофаа вазирлигининг беш нафар мансабдори ҳам қўлга олинган.
Маълумотларга кўра, ҳалок бўлган ҳарбийлар орасида 2006 йилда Қорақалпоғистонда туғилган Олмос Юсуф ўғли Кобенов ҳам бор.






