Исроил Бош вазири Бенямин Нетаньяҳу Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга қарши Халқаро жиноят судида кўриб чиқилиши мумкин бўлган ҳуқуқий ишни тайёрлашни буюрди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, Нетаньяҳу Исроилнинг идоралараро гуруҳи ҳамда Халқаро ҳуқуқ департаменти раҳбарига тегишли ҳужжатларни тайёрлаш топшириғини берган.
Эҳтимолий ишда Туркиядаги курдлар масаласига асосий эътибор қаратилиши мумкин. Шунингдек, Туркия ҳукуматининг “Ҳамас”га молиявий ёрдам кўрсатгани ҳақидаги даъволар ҳам ҳужжатларда акс этиши мумкин.
Исроил ишни Халқаро жиноят судига бевосита тақдим этиши эҳтимоли ҳам бор. Бироқ манбаларга кўра, ишни судга етказиш учун воситачи томондан фойдаланиш эҳтимоли юқорироқ.
Исроил ҳам, Туркия ҳам Халқаро жиноят судининг Рим статутига қўшилмаган ва суд юрисдикциясини тан олмайди.
Манбаларнинг таъкидлашича, ҳужжатлар тайёрлангани билан ишни амалда судга киритиш шарт эмас. Уларнинг айтишича, эҳтимолий иш Эрдўғанга нисбатан босим ўтказиш ва кейинги кескинликларнинг олдини олиш воситаси сифатида ҳам кўрилиши мумкин.
Мазкур воқеа Анқара ва Тель-Авив ўртасидаги муносабатлар кескинлашган даврга тўғри келмоқда. Аввалроқ Туркия Исроил Бош вазири Бенямин Нетаньяҳу бўйича Интерполдан “қизил огоҳлантириш” беришни сўраган эди. Туркия Адлия вазири Акин Гюрлек бу сўров Нетаньяҳу ва яна бир исроиллик шахсга нисбатан олиб борилаётган жиноий иш доирасида юборилганини маълум қилган.






