Германиянинг Бранденбург ер-ўлкасида дунёдаги энг баланд шамол энергетика қурилмаси 365 метр баландликка етказилди. Қурилма Германиянинг Шипкау шаҳрида, Лаузиц ҳудудида жойлашган.
Маълум бўлишича, GICON компанияси томонидан барпо этилган шамол турбинасининг парраклари ўрнатилгач, унинг умумий баландлиги 365 метрни ташкил этган. Қурилманинг шамол турбинаси марказигача бўлган баландлиги эса 300 метр.
Шу тариқа мазкур иншоот дунёдаги энг баланд шамол энергетика қурилмасига айланган. У Германияда баландлиги бўйича Берлин телеминорасидан кейин иккинчи ўринда туради. Телеминоранинг баландлиги 368 метр бўлиб, янги шамол турбинасидан атиги 3 метр баланд.
Қурилиш ишлари сўнгги кунларда кучли шамол сабаб вақтинча тўхтатилгани боис рекордни расман қайд этиш жараёни ҳам кечиктирилган. Қурилмани расман фойдаланишга топшириш ноябрь ойига режалаштирилган.
GICON маълумотларига кўра, турбина баландликдаги кучли ва барқарор шамоллардан фойдаланиш имконини беради. Компания ҳисоб-китобларига кўра, бир хил паррак диаметридаги анъанавий шамол турбиналарига нисбатан энергия ишлаб чиқариш ҳажми қарийб икки баравар юқори бўлиши мумкин.
Қурилма келгусида 7,5 мингга яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлаши кутилмоқда.
Маълумот учун, лойиҳа Германиянинг сакраш инновациялари бўйича федерал агентлиги буюртмаси асосида амалга оширилган. Қурилма собиқ кўмир қазиб олиш ҳудуди бўлган Лаузицда барпо этилган.






