АсосийБУ ҚИЗИҚ

Қирғизистонда 732 метрли шиша кўприк қурилади

Кўприк атрофида қўшимча сайёҳлик инфратузилмаси ҳам яратилади.

'Қирғизистонда 732 метрли шиша кўприк қурилади'ning rasmi

Қирғизистондаги “Ала-Арча” давлат табиат боғида дунёдаги энг узун осма шиша кўприк қурилиши режалаштирилмоқда. Узунлиги 732 метр бўлиши кутилаётган мазкур иншоот 2027 йил охирида сайёҳлар учун очилиши мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Иш бошқармаси маълум қилди.

Маълум қилинишича, 29 октябрь куни Қирғизистон Президенти Иш бошқармаси раҳбари Каныбек Туманбаев миллий боғга ташриф буюриб, лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган Европа компанияси вакиллари билан учрашган. Томонлар бўлажак кўприк лойиҳасини муҳокама қилиб, қурилиш ишлари олиб бориладиган ҳудудни кўздан кечирган.

Режага кўра, қурилиш ишлари 2026 йил ноябрь ойида бошланади. Лойиҳани 2027 йил охирига қадар якунлаш кўзда тутилган. Иншоот қуриб битказилганидан сўнг дунёдаги энг узун шиша осма кўприкка айланиши мумкин. Уни Гиннесснинг рекордлар китобига киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Кўприк атрофида қўшимча сайёҳлик инфратузилмаси ҳам яратилади. Хусусан, Тепши платосидан Теке-Тоо тоғи ва шаршарагача бўлган экологик пиёда йўлак барпо этилиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, “Ала-Арча” боғида бугунга қадар замонавий канат йўли ишга туширилган, дам олиш уйлари қурилган. Айни вақтда ҳудудда беш юлдузли меҳмонхона қурилиши ҳам якунланиш арафасида.

Маълумот учун, “Ала-Арча” давлат табиат боғи Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрининг жанубида, тахминан 40 километр масофада жойлашган. У тоғ манзаралари, музликлари, дарё ва шаршаралари билан сайёҳлар, альпинистлар ҳамда тоғ сайрларини хуш кўрувчилар орасида машҳур.

    Бошқа янгиликлар