Олимлар Сомон йўли галактикасининг умумий массасини 1,19 триллион Қуёш массасига тенг деб баҳолади. DESI халқаро илмий ҳамкорлиги томонидан ўтказилган тадқиқотда ўлчовлар ноаниқлиги 11 фоизни ташкил этган.
Тадқиқотчилар галактика массасини аниқлаш учун унинг марказидан 30 мингдан 310 минг ёруғлик йилигача бўлган масофада жойлашган 10 036 та юлдуз маълумотларини ўрганган. Бунинг учун DESI спектрографи орқали юлдузларнинг ҳаракат тезлиги ўлчаниб, натижалар “Gaia” космик телескопи кузатувлари билан бирлаштирилган.
Сомон йўли юзлаб миллиард юлдузлар, газ ва чангдан ташқари, қоронғи материяни ҳам ўз ичига олади. У ёруғлик чиқармагани сабабли уни бевосита кузатиш имкони йўқ. Шу боис олимлар галактика массасини ундаги юлдузлар ва бошқа осмон жисмларининг ҳаракати ҳамда гравитацион таъсирини ўрганиш орқали ҳисоблайди.
Ҳисоб-китобларга кўра, галактика марказидан 261 минг ёруғлик йилигача бўлган ҳудуддаги моддаларнинг массаси 636 миллиард Қуёш массасига тенг. Бу кўрсаткични ҳисоблашдаги ноаниқлик 8 фоизни ташкил этган.
Галактиканинг умумий массаси эса 1,19 триллион Қуёш массаси деб баҳоланган. Аввалги тадқиқотларда бу кўрсаткич 500 миллиарддан 2 триллионгача Қуёш массаси оралиғида баҳолаб келинган.
Янги натижалар Сомон йўли массасини аниқлашдаги айрим аввалги баҳолардан фарқ қилади. Олимларнинг фикрича, бу тадқиқот галактикада қоронғи материянинг тақсимланиши ва унинг шаклланиш тарихини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Тадқиқот натижалари 3 ноябрь куни “arXiv” илмий мақолалар серверида эълон қилинган. Ҳозирча у тақриздан ўтмаган илмий иш ҳисобланади. Шунингдек, ҳисоб-китобларда Сомон йўлининг йирик йўлдоши — Катта Магеллан Булутининг гравитацион таъсири инобатга олинмаган.






