АсосийБУ ҚИЗИҚ
Муаллиф: Darakchi.uz

Нью-Йорк дунёдаги энг стрессли шаҳар деб топилди

Ҳар бир шаҳарга 10 баллик шкала асосида баҳо берилган.

'Нью-Йорк дунёдаги энг стрессли шаҳар деб топилди'ning rasmi

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри дунёдаги энг стрессли шаҳар деб топилди. Ирландия пойтахти Дублин иккинчи, Мексика пойтахти Мехико эса учинчи ўриндан жой олди. Нидерландиянинг Эйндховен ва Утрехт шаҳарлари эса дунёнинг энг тинч шаҳарлари сифатида эътироф этилди. Бу ҳақда “Remitly” компанияси маълум қилди.

Маълум қилинишича, компания 2025 йил октябрь ойида тўпланган маълумотлар асосида дунёнинг 170 та шаҳрини таҳлил қилган. Унда шаҳарлар бешта мезон — транспортда ҳаракатланиш учун сарфланадиган вақт, яшаш қиймати, тиббий хизмат сифати, жиноятчилик даражаси ва ҳаво ифлосланиши бўйича баҳоланган.

Ҳар бир шаҳарга 10 баллик шкала асосида баҳо берилган. Бунда юқори кўрсаткич шаҳардаги ҳаёт шароитлари стрессни келтириб чиқариш эҳтимоли юқорилигини англатади. Рейтинг аҳолининг субъектив ҳиссиётларини эмас, балки шаҳар муҳитига таъсир қилувчи омилларни акс эттиради.

Дунёнинг энг стрессли 10 та шаҳри

Рейтингда Нью-Йорк 7,56 балл билан биринчи ўринни эгаллаган. Дублин эса ундан атиги 0,01 балл орқада қолиб, иккинчи поғонадан жой олган.

Энг стрессли шаҳарлар ўнталиги қуйидагича:

  1. Нью-Йорк (АҚШ) — 7,56 балл;
  2. Дублин (Ирландия) — 7,55 балл;
  3. Мехико (Мексика) — 7,38 балл;
  4. Манила (Филиппин) — 7,34 балл;
  5. Лондон (Буюк Британия) — 7,25 балл;
  6. Милан (Италия) — 7,25 балл;
  7. Афина (Греция) — 7,23 балл;
  8. Сан-Паулу (Бразилия) — 7,14 балл;
  9. Турин (Италия) — 6,90 балл;
  10. Колката (Ҳиндистон) — 6,89 балл.

Тадқиқотда Дублиннинг юқори ўринни эгаллашига асосий сабаблардан бири сифатида йўллардаги тирбандликлар кўрсатилган. Хусусан, Ирландия пойтахтида автомобилда 10 километр масофани босиб ўтиш учун ўртача 32 дақиқа вақт кетади. Таҳлил қилинган шаҳарлар бўйича бу кўрсаткич ўртача 21 дақиқани ташкил этган.

Ҳаракатланиш энг қийин бўлган шаҳар эса Ҳиндистоннинг Колката шаҳри бўлган. У ерда автомобилда 10 километр масофани босиб ўтиш ўртача 34 дақиқа 33 сония давом этади. Энг тез ҳаракатланиш мумкин бўлган шаҳар сифатида қайд этилган АҚШнинг Сан-Антонио шаҳрида эса худди шу масофани босиб ўтиш учун 10 дақиқа 13 сония кифоя.

Дунёнинг энг тинч 10 та шаҳри

Рейтингнинг иккинчи қисмида Нидерландия шаҳарлари етакчилик қилган. Мамлакатнинг Эйндховен шаҳри 2,34 балл билан дунёнинг энг тинч шаҳри деб топилган. Утрехт эса 2,67 балл билан иккинчи ўринни эгаллаган.

Энг тинч шаҳарлар ўнталиги қуйидагича:

  1. Эйндховен (Нидерландия) — 2,34 балл;
  2. Утрехт (Нидерландия) — 2,67 балл;
  3. Канберра (Австралия) — 2,80 балл;
  4. Таллин (Эстония) — 2,83 балл;
  5. Гронинген (Нидерландия) — 2,84 балл;
  6. Тронхейм (Норвегия) — 2,84 балл;
  7. Берген (Норвегия) — 2,85 балл;
  8. Порту (Португалия) — 2,97 балл;
  9. Брисбен (Австралия) — 2,98 балл;
  10. Роттердам (Нидерландия) — 3,34 балл.

Қайд этилишича, Эйндховеннинг биринчи ўринни эгаллашига шаҳардаги йўлларда ҳаракатланиш учун нисбатан кам вақт сарфланиши, тиббий хизмат сифати ва жиноятчилик даражасининг пастлиги сабаб бўлган. Хусусан, 10 километр масофани босиб ўтиш учун бу шаҳарда 15 дақиқадан камроқ вақт талаб этилади.

Шу тариқа, энг тинч шаҳарлар ўнталигидан Нидерландиянинг тўртта шаҳри жой олган. Норвегия ва Австралия эса рейтингда иккитадан шаҳар билан намоён бўлган.

Шунингдек, тадқиқот натижалари 2026 йилда эълон қилинган ҳаёт сифати бўйича шаҳарлар рейтинги билан ҳам муштарак жиҳатларга эга. Унда Австралия пойтахти Канберра биринчи, Норвегиянинг Берген шаҳри эса иккинчи ўринни эгаллаган.

Мутахассислар ҳар икки тадқиқотда ҳам тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти, экологик вазият ва кундалик ҳаёт қулайлиги шаҳарлардаги турмуш шароитини белгилайдиган муҳим омиллар сифатида кўрсатилганини таъкидлаган.

    Бошқа янгиликлар