Тошкент шаҳрида 82-сонли автобус ҳайдовчиси бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди. У автобусни тўхтатиб қолишга уринган вақтда транспорт воситаси остида қолган.
Ҳодиса бугун, 7 ноябрь куни содир бўлган. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “18-автобус саройи” филиалига қарашли 82-сонли йўналиш автобуси ҳайдовчиси Ж.З. бекатда йўловчиларни туширганидан сўнг транспорт воситасини тўхтатган. Бироқ у автобуснинг қўл тормозини ишга туширмасдан, транспорт воситасини тарк этган.
Оқибатда автобус ўз-ўзидан ҳаракатлана бошлаган. Вазиятни кўрган ҳайдовчи уни тўхтатишга уринган. Бироқ бу уриниш фожиа билан якунланган — ҳайдовчининг ўзи автобус остида қолиб, ҳалок бўлган.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти ва жамоаси марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ҳамда ҳамкасбларига таъзия билдирган.






