АсосийShou-biznes

Райҳон Фарҳод Алимовнинг оиласини бузгани ҳақидаги саволга жавоб берди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева 2016 йилнинг 5 ноябрь куни бошловчи Фарҳод Алимов билан турмуш қургани маълум бўлди. Райҳоннинг уч фарзанднинг отаси бўлган Фарҳод Алимов билан ҳаёт йўлини боғлаши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар Фарҳод Алимовнинг оиласи бузилишида Райҳонни  айблади. 

Хонанда “Sayyod.com” нашрига берган интервьюсида ҳақиқатдан ҳам мана шундай айбловлар кўп бўлганини айтди ва уларга қуйидагича муносабат билдирди: 

“Фарҳод ака билан бир-биримизни 20 йилдан бери биламиз. Лекин муносабатларимиз яқин бўлмаган. Саломлашишдан нарига ўтмаганмиз. Менга унга турмушга чиқишни таклиф қилишганида у икки йилдан бери рафиқаси билан бирга яшамасди. Яъни у ўша пайтда бўйдоқ эди. Унинг ажрашишига, оиласи бузилишига менинг умуман алоқам йўқ. 

Шунингдек, Йигитали ва менинг муносабатларимиз бузилишига Фарҳод аканинг умуман алоқаси йўқ. 

Умуман олганда, мен бу ҳақда гапиришни умуман истамагандим. Бироқ, ижтимоий тармоқларда менга нисбатан кўп айбловлар бўлди. Ҳатто ҳақоратомуз маънодаги шахсий хабар йўллаганлар ҳам бўлди. Бундай хулосага келишларига нима сабаб бўлганига тушунмайман. 

У менга турмушга чиқиш таклифини билдирганда биз иккимиз ҳам оиламиздан ажрашган эдик. Шунинг учун биз турмуш қурдик. Биз иккаламизнинг ҳам Яратган олдида  виждонимиз пок. 

Одамларнинг гапига келсак, умид қиламанки интервьюдан кейин улар бу борадаги фикрларини ўзгартиришади”. 

“Икки санъаткорнинг бирданига бир-бирига кўнгил қўйиб, тўйлари бўлиб кетиши қандай кечди?”, деган саволга Райҳон қуйидагича жавоб берди: 

“Ўйлашимча, ҳамма никоҳлар самода яратилади. Бизнинг турмуш қуришимизда Фарҳод аканинг яқин дўсти Рашид Ҳолиқовнинг ўрни катта. Яратган бизни бекорга бирлаштирмаганига жуда катта умид қиламан ва ўйлайманки бу бутун умрга. Мен бу инсон билан бирга кексалик гаштини суришни истайман”. 

Райҳоннинг айтишича, Фарҳод Алимов ва унинг ўртасида тўйдан олдин романтик учрашувлар бўлмаган.

Бошқа янгиликлар