Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тўнғич ўғли Рустам Эмомалини пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлади.
19 йил давомида пойтахтга раҳбарлик қилган 64 ёшли Маҳмадсаид Убайдуллоев истеъфога чиқарилди. Шунингдек унинг ўринбосарлари ҳамда пойтахт туманлари раҳбарлари лавозимларидан озод этилди.
Маҳмадсаид Убайдуллоев Парламент юқори палатаси раиси сифатида давлатнинг иккинчи шахси бўлиб қолмоқда.
Шу кунгача 29 ёшли Рустам Эмомали коррупцияга қарши курашиш ҳамда давлат молиясини бошқариш Агентлигига раҳбарлик қилган. У МДҲ ҳудудида энг ёш генерал саналади.
Рустам Эмомали 1987 йилнинг 19 декабрь куни таваллуд топган. Тожикистон Миллий университетини Халқаро иқтисодий алоқалар мутахассислиги бўйича тугатган, РФ ТИВ қошидаги Дипакадемия тингловчиси бўлган. Инвестиция ва Давлат мулк қўмитасида, РТ ёшлар уюшмаси раиси ўринбосари сифатида фаолият юритган. “Истиқлол” футбол клуби ташкилотчилари ва эгаларидан бири, Тожикистон футбол Федерацияси президенти. Оилали, уч нафар фарзанди бор.





