АсосийJamiyat

2016 йилда тиббиёт ходимларига нисбатан 174 та жиноят иши қўзғатилган

Маълумки, биз ижтимоий соҳада аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, дори воситалари билан ишончли таъминлаш, жисмоний бақувват ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтириш масалаларига алоҳида устувор аҳамият бермоқдамиз. 

Ана шу муҳим соҳаларда қандай муаммолар бор? Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида илгари соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаган Бош вазир ўринбосари А.Икромовга мурожаат қилди: 

биринчидан, нима сабабдан ўтган шунча йил мобайнида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларини ислоҳ қилиш самарадорлиги таъминланмади? Бугунги кунда уларда 2 минг 500 нафар врач етишмайди, бу масканларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва дори воситалари билан таъминлаш даражаси жуда паст; 

иккинчидан, диагностика даражаси пастлиги ва врачларнинг малакаси етарли эмаслиги натижасида йилига 30 мингдан зиёд юртдошимиз даволаниш учун хорижий мамлакатларга боришга ва оила бюджетидан катта маблағ сарфлашга мажбур бўлаётганидан сизнинг хабарингиз йўқми? 

учинчидан, сиз қачон тез тиббий ёрдамнинг барча тузилмаларида тартиб ўрнатиб, уларнинг барқарор ишлашини таъминлайсиз? Нима сабабдан улар аксарият ҳолатларда беморларга ҳақиқий тез ёрдам кўрсата олмайди? 

тўртинчидан, тиббиёт ходимлари ўртасидаги салбий ҳолатларга қачон барҳам берилади? Бу борада фақатгина ўтган йилнинг ўзида 174 та жиноят иши қўзғатилган. Соғлиқни сақлаш ходимлари билан яқинда бўлиб ўтган учрашувда туғруқхоналардаги таъмагирлик билан боғлиқ салбий ҳолатлар тўғрисида сизга ва тизим раҳбарларига алоҳида айтган эдим; 

бешинчидан, сиз нима сабабдан экологиянинг жиддий муаммолари билан етарлича шуғулланмаяпсиз? Ахир, бу соҳа одамларнинг соғлигига ва мамлакатимиздаги эпидемиологик ҳолатга таъсир қилмайдими? 

олтинчидан, шахсан сиз ва «Дори-дармон» компанияси раҳбари А.Комилов нима сабабдан дорихоналар тармоғидаги жиддий камчиликларга панжа орасидан қараб, уларни бартараф этиш учун таъсирчан чораларни кўрмаяпсиз? Ахир, бу соҳада қиммат дориларнинг 45 фоизини импорт дорилар, бунинг устига, нархи ҳаддан ташқари ошириб юборилган дорилар ташкил этади.

Бошқа янгиликлар