1

“Тақдирнинг ўзи мени жазолади...”

ЖАМИЯТ 19.01.2017, 12:29
Теглар: Доллар
“Тақдирнинг ўзи мени жазолади...”

Тошкент шаҳридаги нуфузли шифохоналардан бирида шифокор бўлиб ишлардим. Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилиб, барча шарт-шароитлар яратилгани бошқа ҳамкасбларим сингари менинг ҳам ишга бўлган иштиёқимни оширарди. Тиббиёт ходимлари элда эъзоз топган мана шундай юртда шифокор бўлиб ишлаб, инсонларга оз бўлса-да фойдам тегиб юрганидан ич-ичимдан суюнардим. Касбимдан барака топган эдим дейишга тўлиқ ҳақлиман.  Айниқса, кекса отахон ва онахонларнинг тинмай алқаб, дуо қилишлари мени беихтиёр қувонтирарди.

Ҳар дойим кийган оқ либосимга, ичган қасамимга содиқ бўлишга ҳаракат қилганман.  Лекин нима бўлганда ҳам хом сут эмган бандамизда. Баъзида ўзимиз англамаган ҳолда манманлик қиламиз, бошқаларни писанд қилмай, оёғимиз ердан узилади. Айниқса, бу каби ҳолат одамларнинг кўп иши тушадиган касбда ишласангиз тезда ўзини намоён қиларкан. Ўзини билган одам хато ва камчиликларини тўғирлашга, ҳамма билан самимий муносабатда бўлишга ҳаракат қилади. Афсус, мен вақтида кўзимни очмадим. Хонамнинг олдида навбатини кутиб турган беморларга қўпол муносабатда бўла бошладим. Айрим беморлардан пул таъма қилиш одатини чиқардим.  Бу воқеага беш йилча бўлиб қолди. Шу пайтгача ҳеч кимга айтмай ичимда сақлаб юрдим. Бир куни қабулимга ўн тўрт яшар болани олиб келишди. Унинг аҳволи жуда ачинарли  эди. Ҳали ёш бўлишига қарамай қандли диабет касалига чалинибди. Бунинг устига ошқозони ҳам тез-тез безовта қилиб турар экан. Ушбу беморни кўриб, тўғриси, ачинишнинг ўрнига ғазабланиб, унинг ота-онасига “яхшироқ овқатлантирсангиз бўлмайдими, нима аҳвол бу ўлар ҳолига келиб қолибди-ю” дея  бақирдим.  Шунда уларнинг иккаласи ҳам маюс тортиб, ерга тикилиб қолди. Аёл секингина рўмолчасини чиқариб кўзидаги ёшни арта бошлади. Шу пайт бемор боланинг отаси мени четга тортиб, “дўхтир нима деганингиз бу, қайси ота-она ўз фарзандидан бирон-бир егуликни қизғонади. Қолаверса, мен ўзига тўқ одамман. Салим менинг биттаю-битта фарзандим. Бор топган-тутганим шуникида. Фақатгина, ўзида иштаҳа йўқ. Нима қилай қийналиб кетдим” деди.  Тўғриси, менга унинг ўзига тўқ одамман деган сўзлари кўпроқ ёқиб тушди. Ўзимча ўйлай бошладим “юз кўкида ташлаб кетаса-я. Фарзандим учун ҳар нарсага тайёрман дедику. Уялтирмас қуримсоқ”. Ҳа, у мен ўйлаганимдек, юз кўкида бўлмаса ҳам ўзига яраша  бериб кетди. 

Ўша кезлари уларни қандай кечинмалар чулғагани, жигарбанди азобланаётганидан сиқилаётгани ҳаёлимга ҳам келмаган.   Орадан беш олти ой вақт ўтди... Салимнинг отаси  яна аёлини етаклаб қабулимга кириб келди. Уларни кўриб суюниб кетдим.  Фарзандлари соғайиб кетгандир шунга раҳмат айтгани келгандир деб ўйладим. Лекин афсус, ундай бўлиб чиқмади. Салим оламдан ўтган экан. Уларга қайсидир бошқа шифокор фарзандлари нотўғри муолажа қилинганини  айтиб,  ўша ташхис қўйган ва дориларни тавсия қилган шифокорни судга бериш кераклиги ҳақида уқтирибди. 

Фарзанд доғида куйган ота-она тўппа-тўғри менинг олдимга келаверган. Уларга ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилдим. Икки-уч  марта тўполон қилиб келишди-ю, кейин келмай қўйди. Судга ҳам бермади... 

Аммо, мен бундан ҳам оғир жазога рўпара келдим. Автоҳалокат туфайли ногирон бўлиб қолдим.  Ўша куни жарроҳлик амалиётини муваффақиятли тугатдик. Беморнинг қариндошлари зиёфат уюштирди. Ичкилик кўп бўлиб кетган бўлишига қарамай, машинамни ўзим бошқараман деб туриб олдим. Машина рулига ўтирганим эсимда бир маҳал кўзимни очсам касалхонада ётибман. Азбаройи оғриқнинг кучлилигидан ҳатто бир сўз айтишга қўрқаман. Оёқ томоним музлаб ётибди. Танамни ҳаркатлантира олмасдим. Хуллас, ҳалокатга учраб умуртқамга қаттиқ шикаст етибди.  Тақдирнинг ўзи мени жазолади.

Аёлим, фарзандларим, яқинларим ва дўстларимнинг атрофимда гирдикапалак бўлиб чорасиз бир аҳволда кўзларига ёш олишини кўриб, бир пайтлар қабулимга келган беморлар қариндош-уруғларининг ҳолати кўз олдимда гавдаланади.  Мана шундай аянчли аҳволга тушишимга фақатгина ўзим айбдорман. Ўзим қийналганим етмагандай, турмуш ўртоғим ва болаларимни ҳам қийинчилик, дард-алам, қайғу гирдобига ташладим.   Бошимга тушган бу кўргиликлардан  сўнг бир пайтлар қабулимга келган Салимнинг ота-онасига қанчалик қийин бўлганини ич-ичимдан ҳис қилдим!... 
“Танаси бошқа дард билмас” деб бежиз айтишмас экан. 
Беморлар ва уларнинг қариндошлари кўнглини оғритган шифокор ҳеч қачон бахтли ҳаёт кечира олмаслиги менинг мисолимда ўз исботини топди. 

Шерали Умаров
Тошкент шаҳри

Шарҳлар

Доллар курси анча кўтарилди

22.04.2024, 16:16

Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 23 апрельда амалда бўладиган қийматини эълон қилди. АҚШ доллари курси 21,00 сўмга ошиб, 12 711,00 сўм этиб белгиланди.Евро курси 12,22...
Долларнинг расмий курси бироз тушди

19.04.2024, 16:31

Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 22 апрельда амалда бўладиган қийматини эълон қилди. АҚШ доллари курси 7,00 сўмга тушиб, 12 690,00 сўм этиб белгиланди.Евро курси 21,43...
Ўзбекистонда хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қиймати ошди

14.09.2021, 17:36

Марказий банк 15 сентябрдан хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади. Бу ҳақда Марказий Банк Матбуот хизмати маълум қилди.Унга кўра, долларнинг расмий курси 34.93...
Ўзбекистонда хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қиймати ошди

30.08.2021, 16:13

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.Унга кўра, долларнинг расмий курси 1.29 сўмга ошди ва бир доллар 10 653.18 сўмни ташкил...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1