1

Денис Истомин “Australian open-2017” турниридаги муваффақиятли иштирокидан сўнг АТР рейтингида 80-ўринга кўтарилиб олди

ЖАМИЯТ 30.01.2017, 13:20
Денис Истомин “Australian open-2017” турниридаги муваффақиятли иштирокидан сўнг АТР рейтингида 80-ўринга кўтарилиб олди

Ўзбекистонлик теннисчи, мамлакатимизнинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Мельбурнда бўлиб ўтган “Катта Дубулға” туркумидаги йилнинг дастлабки мусобақаси - “Australian open-2017”дан сўнг жаҳон рейтингининг кучли юзлигидан жой олган теннисчилар орасида энг катта ўсишга эришди ва нақд 37 поғонага юқорилаб 117-ўриндан 80-поғонага кўтарилиб олди.

Хабарингиз бор, Истомин турнирнинг 4-босқичига етиб бориб фақатгина жароҳати сабаб чоракфинал остонасида юришини тўхтатган эди. Аммо шунга қарамай ҳамюртимиз дастлаб хорватиялик Иван Додигни, иккинчи босқичда жаҳоннинг иккинчи ракеткаси сербиялик Новак Жоковични, учинчи беллашувда эса испаниялик Пабло Каррено Бустани мағлуб этишга муваффақ бўлди. Афсуски, 4-босқич баҳсида кутилмаганда орттириб олинган жароҳат Истоминга тўлиқ куч билан ўйнаш имконини бермади ва у болгариялик Григор Димитровга имкониятни бой бериб мусобақа билан хайрлашди.

“Australian open-2017” даги иштирокидан сўнг Денис Истомин ўз ҳисобига 220 000 АҚШ долларини қўшиб қўйди. Шунингдек ҳамюртимиз 180 рейтинг очколарига эга бўлиб ўз ҳисобидаги очколар сонини 668 тага етказиб олди. Натижада Денис 117-ўриндан 80-поғонага кўтарилиб, айтиб ўтганимиздек кучли 100 ликдаги теннисчилар орасида ўсиш бўйича энг яхши кўрсаткични қайд этди.

Мавсум эндигина старт олди, демак олдинда юртдошимизни бир қатор нуфузли мусобақалар кутиб турибди. Шундай экан, биз Денис Истоминга жароҳатидан тезроқ қутулиб “Катта Дубулға” туркумидаги навбатдаги турнирлар “Roland Garros”, “ Wimbledon” ва “US Open” мусобақаларида ҳам муваффақиятли иштирок этишини ва албатта юртимиз шарафини теннис оламининг энг нуфузли мусобақаларида муносиб ҳимоя қилишини тилаб қоламиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1