Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь – Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан Самарқандга ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Самарқанд дунёга машҳур, кўпчилик бир кўришни орзу қиладиган Регистон, Бибихоним, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр зиёратгоҳлари қаторида бугун Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов мангу қўним топган маскан сифатида ҳам эътироф этилмоқда.
Зиёратчилар қадами узилмайдиган бу жой бугун табаррук масканга айланган. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келаётган юртдошларимиз Ислом Каримов хотирасини ёд этиб, у кишининг Ватан, халқ олдидаги эзгу ишларини эсга олмоқда.
Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Самарқанд вилояти ҳар томонлама обод қилиниб, бутун жаҳондан келадиган меҳмон ва сайёҳларнинг ҳавасини тортмоқда. Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, бундай муқаддас қадамжоларнинг янада обод бўлгани кўпгина мусулмон мамлакатлари давлат арбоблари ва жамоатчилиги, минглаб зиёратчиларнинг юксак эътибори ва ҳурматига сазовор бўлмоқда.
Бу хайрли ишлар бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тизимли равишда давом этирилмоқда.