АсосийJamiyat

​Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Бунёдкор ва Муқимий кўчаларида қурилаётган янги йўл ўтказгич қурилиши билан танишди

'​Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Бунёдкор ва Муқимий кўчаларида қурилаётган янги йўл ўтказгич қурилиши билан танишди'ning rasmi

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган жойда қурилаётган йўл ўтказгич билан танишди.

Қурувчиларимиз бу каби улкан бунёдкорлик ишларининг ҳадисини олган. Бугун Муқимий ва Бунёдкор кўчалари кесишган чорраҳада тирбандлик юзага келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўлаётир.

Умумий узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр бўлган 6 полосали мазкур йўл ўтказгич нафақат ҳайдовчилар ва пиёдаларга, балки шу ерда яшаётган аҳолига ҳам бир қанча қулайликлар яратади.

Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун умумий узунлиги 131,6 метр бўлган иккита ер усти ўтиш йўлаги ҳам барпо этилмоқда. Ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, деб ёзади ЎзА.

Президентимиз қурилишнинг бориши билан танишар экан, мамлакатимизда кундан-кунга аҳолининг яшаш фаровонлиги ошиб, хонадонларда машиналар кўпаяётгани, пойтахт кўчаларида автомобиль қатновининг кенгаяётганини инобатга олиш, бунинг учун қўшимча йўллар ва кўприклар барпо этишга эҳтиёж сезилаётганини алоҳида таъкидлади.

Қурувчиларга ишнинг тез ва сифатли бажарилиши юзасидан тегишли тавсиялар берди.

Кўприк Наврўз байрами арафасида ишга туширилиши мўлжалланмоқда.

Бошқа янгиликлар