Хонанда Лола совға эвазига бирор маҳсулот ёки хизмат турини ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида реклама қилиш шоу-бизнес вакиллари ўртасида кенг тарқалгани ва бу унинг ғашига тегишини айтиб ўтди.
“Дўстлар, реклама ҳақида гаплашамиз. Менинг саҳифамда у жуда кам бўлса-да, бор. Тан олиб айтаманки, ҳамма нарсани кетма-кет реклама қилишлари ғашингга тегади, айниқса бу ҳолат бизнинг шоу-бизнесимиз вакиллари орасида кенг тарқалган. Компаниялар, ишлаб чиқарувчилар, ресторанлар, кафелар, арт-салонлар, гул дўконлари, қандолат фабрикалари сизга ижтимоий тармоқлардаги саҳифангизда реклама эвазига совға жўнатади. Улар совға жўнатганидан сўнг сиз ижтимоий тармоқдаги саҳифангизда маҳсулот ҳақида маълумот беришга мажбурсиз. Очиқ айтаман, мен бундай қилмайман. Агар шундай қилсам ҳам менга совға беришгани учун эмас, балки ҳақиқатан ҳам шу маълумот билан бўлишгим келгани учун шундай қиламан.
Мен ҳеч қачон ўзим ишлатмайдиган ва ҳаётимда ўрин йўқ бўлган маҳсулотни реклама ва пиар қилмайман. Ҳеч қандай сумма эвазига! Мен реклама қилаётган ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимда жойлаштираётган нарсалар Текширилган! Маъқулланган!”, деб ёзади Лола.
Лола мана шу сўзларни ёзиб, пойтахтдаги ресторанлардан бирида таътиб кўрган десерти ҳақида маълумот берди ва #реклама эмас хештегини ҳам қўшиб қўйди.
Ҳақиқатан ҳам таниқли санъаткорлар, актёрлар ва бошловчилар, бир сўз билан айтганда ўзбек шоу-бизнеси вакилларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатар экансиз, турли маҳсулотлар ва хизмат турини реклама қилиш ҳолларига гувоҳ бўласиз. Бу кўпинча шоу-бизнес вакилининг ўзига юборилган совға учун ишлаб чиқарувчига миннатдорчилик билдириши кўринишида бўлади.