АсосийJamiyat

​Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича Президент Қарори имзоланди

'​Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича Президент Қарори имзоланди'ning rasmi

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида ижрочилар ва аҳолини ҳуқуқий хабардор қилиш сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг ягона тартибини ўрнатиш, бу соҳада принципиал янги ёндашувларни белгилаш, янги қабул қилинаётган қонунлар ижросини ташкил қилиш механизмларини мустаҳкамлаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш назарда тутилмоқда.

Янги қабул қилинган қонунлар, бошқа қонун ҳужжатларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тўғридан-тўғри ижро этиш ва амалиётда қўллаш учун расмий тарқатма орқали юборишнинг ягона тартиби ва муддатлари белгиланди.

Бугунги кунда амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, қонун ҳужжатларини тарқатишнинг яхлит тизими шаклланмаган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан расмий тарқатмаларни ижрочиларга етказишнинг, тушунтириш ишларини олиб боришнинг тартиби ва муддатлари ҳамда бу соҳадаги назорат ўрнатилмаган.

Фуқароларни ҳуқуқий хабардор қилиш асосан анъанавий оммавий ахборот воситалари орқали қоғоз кўринишида амалга оширилмоқда, бу эса ҳуқуқий ахборотнинг тўлиқлиги ва эркин фойдаланилишига, унинг ўз вақтида тарқатилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунда аҳолининг ижтимоий фаол қатламлари, шу жумладан тадбиркорлар ва ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёж ва сўровлари инобатга олинмаяпти.

Мавжуд камчиликлар мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийлик тамойиллари самарадорлигига салбий таъсир қилмоқда.

Қарорга кўра 2017 йилнинг февралидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин унинг ижросини ташкил этиш, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган аниқ давлат органлари, шу жумладан давлат бошқаруви органлари кўрсатилиши шарт этиб белгиланди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга (норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг концепцияси баён этилган тушунтириш хати, ўзгартириш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали) қоғоз ва электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилиб, бир кунлик муддатда улар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказилишини таъминлайди.

Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари зиммасига юкланди.

Бошқа янгиликлар