Куни кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев туғруқхоналардаги порахўрлик ва очиқчасига пул олиш авж олгани ҳақида ўзининг танқидий фикрларини билдиргани ҳақида хабар бергандик.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу фикрлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
8 февраль куни ЎзЭОАВМА Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов билан “Очиқ мулоқот” бўлиб ўтди. Унда журналистлар томонидан Шарқда урф бўлган фарзанд туғилганида дояларга бериладиган суюнчи пули борасида савол билан мурожаат қилинди.
Вазир журналистларнинг мазкур саволига жавоби қуйидагича бўлди:
“Тиббиёт ходимининг бемордан ёки унга мурожаат қилган инсондан пул олиши ҳеч қайси меъёрларга тўғри келмайдиган ҳолат. Суюнчига ҳақида гапирадиган бўлсак, уни беришни кўнглига туккан инсон “Мурувват” ва “Саховат” уйларининг васийлик кенгашларига мурожаат қилишлари мумкин. Ушбу муассасаларнинг ҳар қандай суммани ўтказса бўладиган ҳисоб-рақамлари бор. Шу билан бирга одамлар ҳақиқаттан муҳтожларга ёрдамлари тегиши мумкин”, - дея таъкидлади Адҳам Икромов.
Соғлиқни сақлаш вазири ушбу тизимда амалга оширилиши керак бўлган жуда кўп ишлар борлигини, аммо порахўрлик ҳеч қанақасига оқланмаслигини айтиб ўтди, бу ҳоҳ беморнинг ўз ҳоҳиши билан берадиган пули, ҳоҳ шифокор томонидан амалга оширилган таъмагирлик бўлсин.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 7 февраль соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказиб, йиғилиш давомида вазирлик раҳбарларига туғруқхоналардаги аҳволни яхшилаш бўйича алоҳида топшириқ берар экан туғруқ комплексларида очиқчасига порахўрлик авж олгани ва бу ҳолат одатий ҳолга айланганини таъкидлади.