1

​Президенти Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари фаолиятида мавжуд муаммолар юзасидан видеоселектор ўтказди

ЖАМИЯТ 10.02.2017, 10:11
Теглар: Ўзбекистон, Шавкат Мирзиёев
​Президенти Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари фаолиятида мавжуд муаммолар юзасидан  видеоселектор ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига устувор аҳамият берилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу профилактика, тезкор-қидирув, тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, патруль-пост хизматлари, алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядлари қайта ташкил этилганида, ички ишлар органларининг моддий-техник базаси мунтазам мустаҳкамлаб борилаётганида намоён бўлмоқда.

Ички ишлар органлари ходимлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва очиқликни таъминлаш мақсадида профилактика инспекторлари, милиция таянч пунктлари, “Маҳалла посбони” каби институтлар ташкил этилгани юртимизда тинч-осуда ҳаёт таъминланишига хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари кейинги вақтларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилганини қайд этди.

Президентимиз бугун ички ишлар органлари замон талабларига нечоғли жавоб бера олаётганига эътибор қаратди. Инсон манфаатлари билан боғлиқ масалаларни кечиктирмасдан ҳал қилиш лозим бўлган бугунги кунда эскича фикрлаш, ишни эски “қолип”лар асосида ташкил қилиш, ўз бурчини элга хизмат тамойилига асосланиб эмас, балки шахсий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бажариш каби амалиётлар давом этмоқда.

Шавкат Мирзиёев тергов ва айблаш билан чекланмай, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларни ўрганиш, профилактика мақсадида ҳар бир жиноят тафсилотларини ички ишлар органлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари иштирокида чуқур таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда милиция таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш, профилактика инспекторларининг турмуш шароитини яхшилаш, ички ишлар органлари тизимини комплекс ислоҳ қилиш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Ички ишлар вазирлигининг ташкилий тузилмалари танқидий нуқтаи-назардан таҳлил қилинди.

Мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ички ишлар органларининг тадбиркорлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиши ёки тўсқинлик қилиши каби ҳолатларга батамом чек қўйиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ички ишлар идораларининг энг долзарб вазифаларидан биридир. Шу боис фуқаролар билан муносабатларни тубдан қайта кўриб чиқиш, одамлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, халқ билан ҳамнафас бўлиб яшаш ва инсон манфаатларидан келиб чиқиб ишлаш лозим, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда ички ишлар вазири А.Азизов, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари, ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ахборотлари эшитилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши, муаммоларни кабинетда ўтириб эмас, балки халқ орасида юриб аниқлашга ва уларнинг ечимини топишга қаратиш, якуний натижа учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, фуқаролар мурожаатларини қисқа муддатларда ҳал қилиш, ишда аниқ тартиб ва қатъий интизом ўрнатиш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, ишдаги ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бундай иллатлар илдизини қуритиш – ички ишлар органларининг устувор вазифаси эканини алоҳида таъкидлади.

Мутасадди раҳбарларга фуқароларнинг ҳар бир мурожаати эътиборсиз қолмайдиган тизим яратиш, хизматга муносабатни тубдан ўзгартириш, жиноят тафсилотларини муҳокама қилиш механизмини шакллантириш, ички ишлар органларининг халқ вакиллари олдида ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйиш орқали уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Президентимиз ички ишлар органлари қуйи бўғин бўлинмалари, милиция таянч пунктлари ва профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ички ишлар бўлимлари фаолиятини рейтинг орқали баҳолаш тизимини жорий этиш, ёшлар содир этаётган жиноятларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг сабаби ва келиб чиқишига замин яратувчи шарт-шароитларни аниқлаш, барча таълим муассасаларига профилактика инспекторларини бириктириб, улар кундалик иш фаолиятини таълим муассасаларидан бошлашни амалиётга татбиқ этиш масалалари бўйича тавсиялар берди.

Шавкат Мирзиёев профилактика инспекторлари малакасини ошириш бўйича тизим яратиш кераклигига алоҳида эътибор қаратди. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги академияси ва вилоятлардаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда махсус курслар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш масалалари юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Мажлисда ички ишлар органларининг ҳар бир ходими билдирилган фикрлардан тегишли хулоса чиқариб, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳар бир оила, ҳар бир инсон, маҳалла хавфсизлигини таъминлашдек мураккаб, айни вақтда шарафли вазифани бажариш учун бор билим ва салоҳияти, куч-ғайратини сафарбар этиши лозимлиги таъкидланди.

Шарҳлар

Ўзбекистон Эронни мағлуб этиб, Осиё кубогига йўлланмани қўлга киритди (видео)

13.09.2023, 11:02

Осиё кубоги учун саралаш ўйинлари якунланди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири. Маълум бўлишича, сўнгги 6 ўйинда рақиблари дарвозасига 25 та гол киритиб, 3 та гол  ўтказиб...
⚡️Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳамкорликда ишлаб чиқарадиган автомобилларнинг нархлари эълон қилинди

24.01.2023, 10:47

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорликда 19 турдаги енгил автомобиллар, жумладан микроавтобус, пикап, седан ва бошқаларни ишлаб чиқаришни режалаштирган. Қирғизистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар нархи 13...
Путин Ўзбекистондаги ғайритабиий совуқлар ҳақида фикр билдирди (видео)

18.01.2023, 11:45

Россия президенти Владимир Путин иқтисодий масалалар бўйича йиғилиш ўтказди ва унда Марказий Осиё мамлакатларидаги совуқлар ҳақида фикр билдирди. Россия раҳбари бош вазир Михаил Мишустиндан агросаноат мажмуасида...
Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга туркман халқи алоҳида қадрлайдиган алабай зотли кучук совға қилди (видео)

21.10.2022, 13:45

Туркманистонга расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу мамлакат Парламентининг юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди, дея хабар бермоқда Прехидент матбуот хизмати. Давлатимиз раҳбари...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1