Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шеробод туманида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан барпо этилаётган цемент заводи қурилиши билан танишди.
Тумандаги “Вандоб” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этиладиган цемент заводи воҳада қурилиш саноатини замон талаблари даражасида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳа қиймати 212,8 миллион доллар бўлган ушбу саноат корхонасида йилига 1,5 миллион тонна портландцемент ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Корхона ишга тушгач, бу ерда мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотнинг асосий қисми ички талабни қондиришга йўналтирилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу завод нафақат вилоят, балки мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Лойиҳачи ва қурувчилар билан суҳбатда қурилиш суръатларини жадаллаштириш, сифат ва муддатга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.