1

Шавкат Мирзиёев Туркманистон Прeзидeнтини табриклади

ЖАМИЯТ 11.02.2017, 10:05
Шавкат Мирзиёев Туркманистон Прeзидeнтини табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 12 декабрни Халқаро бетарафлик куни деб эълон қилиш тўғрисидаги Резолюция қабул қилиниши муносабати билан чин дилдан табриклаб мактуб йўллади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мактубда қайд этилганидек, “Ушбу қарор, ҳеч бир муболағасиз, тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Шахсан Сиз томонингиздан илгари сурилган ташаббусни жаҳон ҳамжамиятининг барча аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланиши халқаро саҳнада Туркманистоннинг юқори мавқега эга эканлигини, бизнинг кенг минтақамизда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлашда Сизнинг хизматларингиз ва ҳиссангизни барча томонидан тан олинишини яққол кўрсатди”.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда Туркманистон билан дўстлик ва қўшничилик муносабатлари алоҳида қадрланади. “Бизнинг давлатларимиз халқаро сиёсат ва минтақавий барқарорликнинг долзарб масалалари бўйича умумий ёки ўхшаш позицияга эга”, - дейилади мактубда.

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга мустаҳкам соғлик, масъулиятли давлат ишларида янги зафарлар, Туркманистон халқига эса тинчлик, фаровонлик ва янада равнақ топишни тилади.


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1