Қозоғистоннинг Мангистау вилоятидаги Актау шаҳрида яшовчи Саттигали Жолдасбай исмли ўқувчи бола кўзи ожиз инсонларга ёрдам берувчи ақлли, SMART дўппини яратди, деб хабар берди “Мir24.tv” нашри.
Мактаб битирувчиси бўлган Саттигали яратган дўппи оддий мобиль телефондан олинган, вибромоторга сигнал узатувчи ҳаракат датчиги билан таъминланган. Қаршилик ва тўсиқ пайдо бўлганда сенсорлар вибрация бериб, бу ҳақда одамни огоҳлантиради. “Одам ўз ҳаракатларини тузатиб, ҳаракат йўналиш бурчагини ўзгартириши мумкин. Лойиҳа Arduino микроплатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган. Менинг мазкур ихтиром кўзи ожиз инсонларга катта ёрдам беради, деб умид қиламан”, дейди Саттигали Жолдасбай. У 18 февраль куни Мангистау вилоятида ўтказиладиган илмий лойиҳалар кўргазмасида иштирок этади. Саттигали ўтган йилнинг ёзида Малайзияда икки ҳафталик махсус курсда таълим олиб қайтди.