Таиланднинг Ват Тхаммакай ибодатхона мажмуаси дарвозаси олдида будда роҳиблари ва полиция ўртасида тўқнашув содир бўлди, оқибатда бир аёл тан жароҳати олди, деб хабар берди “Ria.ru” нашри.
Таиланд полицияси хайрия учун йиғилган 40 миллион доллар пулни ўзлаштирган, ҳозирда қидирувда бўлган собиқ бош роҳиб Пхра Тхаммачайони қўлга олиш мақсадида ибодатхона дарвозаси олдида туриб ичкарига одамларни ўтказмади. Роҳибларнинг полициячиларга қаршилик кўрсатиши оқибатида тўқнашув содир бўлди. 54 ёшли аёл оломоннинг оёғи тагида қолиб, оғир тан жароҳати олди ва касалхонага ётқизилди. Ўтган ҳафта минглаб полициячилар 400 гектар ер майдонидан иборат ибодатхона ҳудудини текшириш учун жўнатилган эди. Қидирув тадбири ўтказилганига қарамай, жиноятда айбланган роҳибни қўлга олишнинг иложи бўлмади. Полиция Пхра Тхаммачайони ибодатхона ҳудудида яширинган, деб ҳисобламоқда. Душанба куни эса “қидирувни енгиллаштириш мақсадида” ибодатхонага сув ва электр қуввати бериш тўхтатилди. Бу эса роҳибларнинг норозилигига сабаб бўлди ва улар бош роҳибни ҳимоя қилиш мақсадида полицияга қарши кўтарилишди.






