Хавфсизлик бўйича Мюнхенда ўтказилган анжуманда қатнашган Эстония президентини ҳеч ким танимагани мамлакат фуқароларининг кулгисига сабаб бўлди, деб хабар берди “Еadaily.com” нашри.
Анжуман доирасида ўтказилаётган баҳс-мунозарада бошловчилик қилаётган Британиянинг Financial Times газетаси муҳаррири Филипп Стивенс савол бериш учун қўл кўтарган Эстония президенти Керсти Кальюлайдни танимай, унинг исми-шарифини сўради ва ноқулай аҳволга солиб, қизаришга мажбур қилди. “Мана бу нотаниш ледининг саволи бор экан... марҳамат, ўзингизни таништиринг, қайси давлат вакилисиз?” деди Стивенс Эстония президентига қараб. “Раҳмат, мен Керсти Кальюлайд, Эстония президентиман”, — деб жавоб берди Кальюлайд. 17 февральдан то 19 февралгача ўтказилиши режалаштирилган мазкур анжуманда дунёнинг 30 дан ортиқ давлат раҳбарлари, 80 нафар мудофаа вазирлари қатнашмоқда, аммо шунга қарамай, Болтиқбўйининг кичкинагина мамлакати раҳбарини ҳеч ким танимади. Мунозарада қатнашаётган Болтиқбўйи давлатларидан яна бири ҳисобланган Литва президенти Даля Грибаускайтени Стивенс бехато таниди. Мазкур воқеа Эстония давлати имижига салбий таъсир кўрсатди, деб хабар берди “Baltnews.ee” нашри. Шу сабабли Таллиндаги Vesterinen Partnerid ҳуқуқшунослик бюроси мамлакат президентига халқаро анжуманларга борганда “мен Эстония президентиман. Исми-шарифим Керсти Кальюлайд”, деган ёзувли бейжик тақишни маслаҳат берди.






