Голливуднинг “Шуҳрат хиёбони”даги Дональд Трампнинг исми ёзилган юлдузни тахқирлаган Лос-Анжелес шаҳрида яшовчи фуқаро шартли равишда уч йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, жаримага ҳам тортилди, деб хабар берди “Ria.ru” нашри.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг сиёсий қарашларидан норози бўлган фуқаро унинг Голливуддаги “телевидение равнақига қўшган ҳиссаси учун” деб номланган юлдузини октябрь ойида оғир болға билан бузиб ташлаган эди. Бузғунчи ишчи кийимида бўлгани учун ҳеч ким унга эътибор қаратмаган, у тонгги соат олдида юлдузни бузган. Ҳозирда юлдуз қайта таъмирланган ва туну-кун қўриқланмоқда.
Прокуратура берган маълумотга кўра, Трампнинг юлдузини 53 ёшли Жеймс Ламберт Отис исмли фуқаро тахқирлаган ва у қилган жиноятини бўйнига олган. Отис шартли қамоқ жазосидан ташқари, 4,4 минг доллар жаримага тортилган ва 20 кун мажбурий равишда жамоат ишини бажаришга ҳукм қилинган. Трампнинг юлдузи илгари ҳам таҳқирланиб, маҳаллий фаоллар томонидан олиб ташлаш талаб этилган, аммо шаҳар маъмурияти бунга розилик бермаган эди. Голливудда жойлашган мазкур хиёбонда 2,5 мингдан ортиқ машҳур актёрлар, мусиқачилар, продюсерлар ва санъатнинг ривожланишига ҳисса қўшган кўплаб таниқли инсонларнинг юлдузлари мавжуд. Уни томоша қилиш учун ҳар йили Лос-Анжелесга 10 миллионга яқин сайёҳлар ташриф буюради.