Россиянинг Кемерово шаҳрида яшовчи 39 ёшли тадбиркор уйининг гаражида отиб ўлдирилди, деб хабар берди “Тvzvezda.ru” нашри.
Тергов бошқармасидан олинган маълумотга кўра, воқеа кеча кечқурун Кемерово шаҳрининг Завод туманида рўй берган. Бизнесмен машинасини гаражга қўяётганда тревога тугмачасини босган. Зудлик билан етиб келган Росгвардия наряди ходимлари гараждан боши ва бўйнидан ўқ еган бизнесменнинг жасадини топишган. Дастлабки маълумотга кўра, у Макаров тўппончасидан отиб ўлдирилган. Ўлдирилган тадбиркор вилоят марказида электр товарларини сотиш билан шуғулланган. Мазкур факт бўйича жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.