Лола Каримова-Тиллаева турмуш ўртоғи Темур Тиллаев билан биргаликда “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли ҳужжатли фильмга илк маротаба продюсерлик қилди. Бу ҳақда Лола Каримова ўзининг Instagram`даги саҳифасида маълум қилди.
Ҳужжатли фильм буюк мутафаккир ҳамда аллома Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.

Фильм режиссёри Баҳодир Юлдошев. Картинада Франция, АҚШ, Россия, Ўзбекистон, Буюк Британия, Дания ва Нидерландиянинг етакчи олим ва мутахассислари Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти хусусидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашади. Кинокартинани яратишда Бодлиан кутубхонаси (Оксфорд университети), Британия музейи, Пристон университети, Гриффит расадхонаси, Франциянинг Observatoire de la Cote d’Azur Côte расадхонаси, Калифорния университети, Даниянинг The David Collection музейи, Оксфорднинг Илм-фан тарихи музейи, Оксфорднинг St. John’s колледжи каби ўқув юртлари, музей ва кутубхоналарнинг бисотидан фойдаланилди.

Кинокартинада Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле каби жаҳон киноси юлдузлари суратга тушди. Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров, Ҳошим Арслонов сингари миллий кино усталаримиз ҳам ўз ролини маромига етказиб ижро этди.

Голливуднинг “Титаник”, “Оловуддин”, “Геркулес” каби фильмларга мусиқа басталаган машҳур композитори Уолтер Афанасьев картина учун махсус мусиқа ёзди. Фильм учун саундтрекни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон куйлади.

“Фильм премьераси ҳақида кейинроқ маълум қиламиз”,—деб ёзади Лола Каримова.











