Ўтган ҳафта оҳирида режиссёр Рустам Саъдиев томонидан суратга олинган “Эр бермоқ — жон бермоқ 2” фильмининг шоу-бизнес вакиллари ҳамда журналистлар учун ёпиқ тақдимоти бўлиб ўтди.
Бу сафар премьера анъанадан ҳоли тарзда “Зарафшон” кино-концерт залида “НАЭСМИ Media Hall” томонидан тараққиёт стратегияси муҳокамаси учун яратилган махсус саҳнада бўлиб ўтди. Тадбирда ўзбек санъатининг барча вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Рустам Саъдиев бу сафар ўз фильми орқали долзарб мавзу, оилаларнинг ажрашиб кетиши айрим сабабларини кўрсатиб берди.
Сабрсизлик, ношукрлик ва аёлларнинг ўзбошимчалиги орқали кўрсатиб берилган ажрашиш мазуси ажрашиш бўсағасида турган оилаларга ўзига хос сабоқ бўлиши шубҳасиз.
Комедия жанрида суратга олинган фильмда актриса Дилноза Кубаевани мутлақо ўзига хос бўлмаган янги қиёфада намоён бўлди. Ўзининг образини моҳирона ижроси билан актриса Дилноза Умарова ўз маҳорати ҳақида яна бир бор ўз сўзини айтди. Актёрлар Адиз Ражабов, Муҳаммадисо Абдулҳаировлар ҳамда Элёр Маҳкамовларнинг фильмдаги образлари қанчалар ҳаётий чиққанини фильмни кўрганда ўзингиз ҳам гувоҳи бўлишингиз мумкин.
Фильмда актёрлар учун танланган либослар эътиборимизни тортди. Ҳар бир образ ҳарактерига монанд тарзда танланган либослар либосчи рассом Элсевар Исҳоқованинг истеъдодини кашф қилишимизга сабаб бўлди.
Фильмни мароқ билан томоша қилар эканмиз, унинг бир томони томошабин сифатида бироз эриш туюлди. Фильм ижодкорлари ўз ҳамкорларини реклама қилишда бироз оширворгандай назаримизда. Тўғри рекламасиз тараққиёт йўқ, бироқ буни бу қадар бўрттириб юбормаслик мақсадга мувофиқ бўларди.
Дарвоқе, фильм сўнггида сўзга чиқар экан режиссёр кейинги сафар оилаларни бузилишига сабабчи бўлаётган эркаклар ҳақида фильм суратга олишга ваъда қилди.
Премьерада хонанда Дилсўз мазкур фильм учун куйланган саундтрекини куйлади.
Хулоса ўрнида, Рустам Саъдиевнинг янги фильми ўзбек кино санъатида омадли фильмлардан бири бўлганлигини таъкидлаб, бу билан киноижодкорларни табрикламоқчимиз.
Фильмни 13 мартдан юртимиз кинотеатрларида томоша қилиш мумкин.