Таиланднинг жанубида жойлашган Яла провинциясида жангариларнинг полиция блокпостига қилган ҳужуми оқибатида 9 нафар полициячи яраланди, деб хабар берди Vesti.ru нашри.
10 кишидан иборат жангарилар гуруҳи маҳаллий бозор яқинида бўлган полициянинг блокпостини ўққа тутди. Ҳужум уюштирган жангарилар қўл гранатомётлари ва ўқ отар қуролдан фойдаланди. Отишмадан кейин жангарилар номаълум томонга қочиб кетди. Шифокорлар 2 нафар полициячининг аҳволини ўта даражада оғир, деб баҳоламоқда.
Полиция ҳужумни ислом сепаратистлари уюштирди, деб шубҳаланмоқда. Таиланднинг мусулмонлар яшовчи жанубий қисмида 13 йилдан бери жангарилар гуруҳи фаолият юритиб келади. Улар султонлик тузиш мақсадида Наратхиват, Паттани ва Яла провинцияларини қўлга олишга ҳаракат қилиб келишмоқда. Мазкур ҳудудда рўй берган қуролли тўқнашувлар, отишмалар оқибатида 6,8 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Наратхиват, Паттани ва Яла провинцияларида хавфсизликнинг махсус тартибига риоя этилади. Мазкур ҳудудга чет эллик сайёҳлар умуман ташриф буюрмайди.