19 ёшли Абдуллаев Шамсиддин Тошкент Давлат шарқшунослик институти талабаси бўлиб, унинг Instagram’даги кўнгилочар uz_video саҳифаси бугунги кунда 3 миллион 200 мингдан ошиқ ўқувчи йиққан бўлса, илмга йўналган бошқа бир facts_uz саҳифасининг 1 миллион 500 мингдан зиёд обуначилари бор.
“Sayyod.com” Instagram’да ўзбек шоу-бизнеси вакилларидан ҳам кўпроқ кузатувчиларни йиға олган 19 ёшли талаба билан интервью уюштирди, деб ёзади “Дарё”.
“facts_uz — бу менинг илк лойиҳам ва ўзимга ёққани. uz_video эса бугунги кундаги энг омадли саҳифам саналади. 2015 йил бошида бу саҳифаларни ташкил этганман. uz_video саҳифасининг тезда оммалашишига сабаб эса у очилган пайти видео саҳифалари йўқ эди, кейинчалик эса бу саҳифанинг сифатли эканига эътибор қаратилди. Албатта ўзаро ҳамкорлик юзасидан бошқа оммалашаётган саҳифалар билан бир-биримизни саҳифаларимизни реклама қилиш орқали машҳурликка эришиш мумкин, аммо агар саҳифангиз сифатли бўлмаса, бари бекор. Асосан 85 фоиз рус аудиторияси билан бу борада ҳамкормиз. Хусусан рус эстрадаси вакиллари билан ҳам. Албатта саҳифамизда пулли реклама ҳам мавжуд, бироқ бу дегани ҳамма нарсани кетма-кет реклама қилаверади дегани эмас. Салбий тарғиботи мавжуд бўлган клип ёки рекламаларга саҳифаларимизда умуман ўрин йўқ! Бу икки саҳифанинг муаллифи ўзим ва бугунги кунда умумий ҳисобда 5 киши саҳифаларни юритяпмиз. Кунига 6 та видео жойлаймиз ва уларни аниқ бир жойдан олмаймиз, ҳар сафар турли манбалар бўлади», — дея у ўз лойиҳалари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди.
Айни пайтда хонанда Шаҳзода Instagram’да ўзбек санъаткорлари ичида энг кўп — 1,3 миллион кузатувчига эга. Аввалроқ актриса Асал Шодиева ўзини Instagram орқали кузатиб борувчилар сони (1 миллион киши) билан хонандалар Райҳон ҳамда Лоладан ўзиб кетган эди.